Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ҳудудларда олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар натижалари, аҳоли осойишталиги ва фарвонлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар, маҳаллий Кенгашлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Наманган вилоятига келди.
Поп туманида Сенат раҳбари бошчилигида республика Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашнинг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда Наманган вилоятида коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Бандлик, соғлиқни сақлаш, банк, қурилиш каби бир қатор соҳаларда жами 85 та коррупцион жиноят фош этилган бўлиб, уларнинг катта қисми бевосита мансабдор шахсларнинг ноқонуний фаолияти билан боғлиқ. Айрим давлат хизматчиларининг қонунга зид равишда тадбиркорлик билан шуғуллангани ҳам аниқланган.
Мажлисда жиноятчиликка оид кўрсаткичлар ҳам таҳлил қилинди. Ўтган йили вилоятда жами 8 минг 204 та жиноят қайд этилган бўлиб, уларнинг 35 фоизи кибержиноятлардир. Жорий йилнинг ўтган етти ойида эса 5 минг 786 та жиноят содир этилган, шундан 45,6 фоизи айнан кибержиноятлар ҳисобига тўғри келган. Уларнинг асосий сабаблари орасида аҳоли мулк хавфсизлигига бепарволик, етарли даражада профилактика тадбирларининг йўлга қўйилмагани ва ижтимоий муҳитдаги салбий омиллардир.
Оила ва маиший соҳа билан боғлиқ жиноятлар ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. 2025 йилнинг январь-июль ойларида юз берган қотилликларнинг 60 фоизи, тан жароҳати етказиш жиноятларининг эса бешдан икки қисми оилавий низолар сабабли содир этилган.
Ёшлар ва аёллар орасидаги жиноятчилик айрим ҳудудларда ошган, шу йилда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони умумий ҳисобда пасайган бўлса-да, Учқўрғон, Поп, Наманган каби туманларда ушбу кўрсаткич ошган. “Қизил” ва “сариқ” тоифадаги хавфли маҳаллалар сони юқорилигича қолмоқда. 21 та маҳалла уч йилдан бери “қизил” тоифадан чиқмаган.
Мажлис кун тартибидаги масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенатининг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов, Республика Бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқди.

Миллий кенгаш томонидан Наманган вилоятидаги 754 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида хавфсизликни кучайтириш, рақамлаштириш чораларини жадаллаштириш, ижтимоий профилактика ишларини сифат жиҳатидан яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни назарда тутган қарор қабул қилинди.
Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ишчи гуруҳи Тўрақўрғон туманидаги “Наманган” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Ифтиҳор кийим саноат” масъулияти чекланган жамият мисолида вилоятда тўқимачилик соҳасида эскпорт имкониятларини ошириш ва заҳираларни ишга солиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар билан танишди.

Парламент юқори палатаси етакчиси раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳи ташриф давомида Давлатобод туманидаги “Тўқувчи” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, “еттилик” ҳамда ҳуқуқ-тартибот маскани ходимларининг фаолияти билан яқиндан танишди.
Президентимизнинг 2024 йил 25-26 март кунлари Наманганга ташрифи чоғида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни барвақт олдини олиш, вилоят марказини жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича “Наманган тажрибаси”ни яратиш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берган эди.

Янгича ишлаш механизмларини самарали йўлга қўйиш ҳамда криминоген вазиятни яхшилаш, аҳолининг мазкур йўналишдаги мурожаатларини ўз вақтида ва қисқа муддатларда бартараф этиш мақсадида, криминоген вазияти оғир ва фуқароларнинг мурожаатлари кўплаб тушаётган маҳаллалар 20 та микро-ҳудудга бўлиниб, “Ҳуқуқ-тартибот маскан”лари ташкил этилди.
Сенат Раиси мазкур маскан фаолияти натижадорлигини амалда кўрди. Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Шуҳрат Алиев ҳуқуқ тартибот масканларининг бугунги кундаги фаолияти, унинг аҳамияти ва самараси ҳақида маълумот берди.

Танзила Норбоева бошчилигидаги Ишчи гуруҳи аъзолари ўрганишлар давомида Янги Наманганга бўлиб, халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятини кўздан кечирди. Кенгаш котибияти, доимий комиссиялар ва сиёсий партиялар гуруҳининг фаолияти, иш юритиш ҳужжатлари ўрганилди. Сессияларга киритилган масалалар, депутатлик сўровлари, халқ ноибларининг мурожаатларга масъулияти, улар бевосита акс этган фотоальбомлар Ишчи гуруҳи эътиборини тортди. Танзила Норбоева намунали Кенгаш фаолиятини ташкил қилиш бўйича Янги Наманган туманида ижобий ишлар амалга оширилганлигини эътироф этди.
Шу жойнинг ўзида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ташкил этилган штаб фаолияти юзасидан тақдимот ўтказилди.
Сенат Раиси раҳбарлигидаги Ишчи гуруҳи ўрганишлари давомида Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамроҳлик қилди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Наманган вилоятига хизмат сафари давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА