Сенат Раиси: Ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси инсон ҳаётида намоён бўлиши керак
Сенат ялпи мажлисида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишлар Президентимиз олиб бораётган очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат билан узвий боғлиқ экани алоҳида таъкидланди.
– Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик географияси кенгайиб, мамлакатимиз учун янги иқтисодий, инвестициявий ва технологик имкониятлар кенгаймоқда, – деди Сенат Раиси Танзила Норбоева. – Хусусан, Корея Республикасига давлат ташрифи ҳамда биринчи «Марказий Осиё - Корея Республикаси» саммити ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим имкониятлар очди. Савдо, инвестиция, замонавий технологиялар, таълим ва бошқа соҳаларда эришилган келишувлар мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш ва ҳудудлар тараққиётига хизмат қилиши кутилмоқда.
Бу жараёнда юқори даражада эришилган келишувларнинг амалий ижроси алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, ҳар қандай келишувнинг ҳақиқий самараси унинг қоғозда қайд этилганида эмас, балки ҳаётга қанчалик самарали татбиқ этилганида намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан, парламентлар зиммасига ҳам муҳим вазифалар юкланмоқда. Аввало, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш, тегишли қўмиталар ва парламентлараро гуруҳларнинг амалий иштирокини кучайтириш зарур.
Парламентлараро мулоқотлар қонунчилик тажрибасини ўрганиш, ҳамкорлик лойиҳаларига ҳуқуқий кўмак бериш, уларни амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва ечим топишнинг самарали механизмига айланаётгани айтиб ўтилди.
Хива шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форумида ҳам ҳамкорликнинг янги форматига асос солинди. Илк бор Ўзбекистоннинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳамда Беларуснинг маҳаллий депутатлар советлари раислари иштирокида учрашув ташкил этилди.

Бу форматнинг аҳамияти шундаки, давлат раҳбарлари ва ҳукуматлар даражасида келишилган лойиҳалар бевосита ҳудудларда амалга оширилади. Уларнинг натижаси янги ишлаб чиқариш қувватлари, иш ўринлари ва аҳоли даромадларида намоён бўлади.
Бу борада Сенат маҳаллий кенгашларга амалий ва услубий кўмак бериши, уларнинг назорат ва таҳлил фаолияти сифатини оширишга эътибор қаратиши зарурлиги қайд этилди.
“Президентимиз янги ташаббусларни илгари суриш билан бирга, уларнинг жойлардаги ижросини ўрганиб, камчиликларни очиқ муҳокама қилмоқда ва масъуллар олдига аниқ талаблар қўймоқда. Биз ҳам ўз фаолиятимизга ана шундай талабчанлик билан ёндашишимиз лозим. Қонунларни кўриб чиқишда уларнинг амалий ижросини таъминлайдиган механизмларни пухта таҳлил қилиш керак. Қонуннинг фуқаро ва тадбиркорга таъсири, ҳудудларда қўлланиш имконияти, зарур ресурслар ва масъулият масалалари аниқ бўлиши зарур. Хотин-қизлар, ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг имкониятларини кенгайтириш ҳам доимо эътиборимизда бўлиши шарт. Зеро, ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси, аввало, инсон ҳаётида намоён бўлиши жуда муҳим. Шунинг учун биз учун асосий мезон – қанча тадбир ўтказилгани эмас, балки қандай муаммо ҳал этилгани ва одамларга қандай наф келтирилганидир”, деди Сенат Раиси.
Норгул Абдураимова,
ЎзА