Сенат Раиси АҚШ Конгрессида бўлди
ЎзА аввал хабар берганидек, Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Қўшма Штатларда бўлиб турибди.
Вакилларимиз АҚШ Конгресси Ташқи ишлар қўмитасидаги Осиё, Тинч океани ва Марказий Осиё минтақаси бўйича қуйи қўмита раиси, Калифорния штатидан сайланган конгрессмен-демократ Ами Бера билан учрашди.
Мулоқотда парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболи муҳокама қилинди.
Конгрессмен 2021 йил октябрь ойида Тошкентга ташрифи доирасида АҚШ Конгресси делегацияси аъзолари учун уюштирилган самимий қабул ва Ўзбекистон расмий доиралари билан мазмунли учрашувлар учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.
А.Бера Америка иқтисодиёт ва савдо соҳасидаги ҳамкорликни яхшилаш учун барча имкониятни излаётганини, юртимизда, умуман, Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашда кўп қиррали шерикликни давом эттиришдан манфаатдор эканини айтиб ўтди.
Ўз навбатида, конгрессмен Ўзбекистонда гендер тенглик ва хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатни юқори баҳолади.
Тадбир якунида кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан парламентлараро алоқани фаоллаштириш бўйича келишувга эришилди.
Ташриф давом этмоқда.
ЎзА