Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида “Сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатлар тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сунъий интеллект технологиялари барча соҳаларнинг самарали фаолиятига ижобий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Сунъий интеллект бугунги кунда инсониятга кенг имконият тақдим этиш билан бирга, ижтимоий-сиёсий жараёнларга, хусусан инсон ҳуқуқларига ва шахсга доир маълумотлар дахлсизлигига таҳдидларни юзага келтира бошлади.
Шу сабабли, сунъий интеллект технологиялари соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш зарур. Шу муносабат билан амалдаги бир қатор қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, қонунчиликда “сунъий интеллект” тушунчасига таъриф берилмоқда. Ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда махсус ваколатли органнинг вазифалари, ахборот ресурсларини яратишда ҳамда ахборот тизимлари ишида сунъий интеллектдан фойдаланишнинг умумий қоидалари белгиланмоқда.
Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда яратилган ахборот ресурсларига маркировка қўйиш тартиби, улар ёрдамида қонунга хилоф равишда шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ОАВ ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатишга йўл қўймаслик мажбурияти белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда сунъий интеллект воситасида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланиши назарда тутилмоқда.
***
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида риэлторлик фаолиятини такомиллаштириш ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Сенаторлар риэлторлик соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш орқали риэлторлик хизматлари сифатини ошириш зарурати юзага келаётганлиги таъкидланди.
Қонуннинг қабул қилиниши давлат органларининг риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат ташкилотлари билан ўзаро муносабатларини кенгайтириб, риэлторлик хизматлари сифати ва рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга ҳамда қўшилган қиймати юқори бўлган товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Фуқаролик кодекси ҳамда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштиришга доир қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Эндиликда мазкур қонун билан ҳаракатсиз режимда бўлган фаолият кўрсатмаётган тадбиркорларни рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарорига кўра тугатиш муддати уч йилдан бир йилга ўзгартирилмоқда ҳамда ушбу қоидани якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам қўллашни назарда тутувчи норма Фуқаролик кодексида ўз аксини топади.
Муҳокамалар якунида қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА