Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда жамият ҳаёти ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг долзарб масалаларига оид қатор қонунлар кўриб чиқилди.
Айтиб ўтиш керакки, мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат раиси шу кунларда дунё нигоҳи яна Ўзбекистонда эканига алоҳида эътибор қаратди.
Самарқандда куни кеча Президентимиз иштирокида ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси очилгани ва бу нуфузли анжуман ўзига хос тарихий аҳамиятга эга эканлиги эътироф этилди. Сессия 40 йил ичида биринчи марта ташкилотнинг Париждаги қароргоҳидан ташқарида, Самарқандда ўтказилгани глобал миқёсда Ўзбекистонга бўлган юксак ишонч ортаётгани натижаси экани қайд этилди.
Барқарор ривожланиш мақсадлари, хусусан, камбағалликни қисқартириш бўйича қилинаётган ишлар диққат марказида бўлди.
– Камбағалликни қисқартириш борасида халқаро ҳамкорлар билан доимий ва самарали мулоқот ўрнатилган, - деди Т.Норбоева. – Наманганга ташриф доирасида Давлатимиз Раҳбари “Камбағалликдан фаровонлик сари” мавзусидаги III халқаро форумда иштирок этиб, эришилган натижалар ва истиқболдаги марраларга халқаро ҳамжамият эътиборини қаратгани ана шу мулоқотлар янги босқичга кўтарилганини англатади. Бу борада устувор йўналишлар белгиланди. Жумладан, доимий иш ўринлари кўпайтирилиб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратилади. Сифатли таълим асосида инсон капитали ривожлантирилади. Хотин-қизларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан манзилли ишлаш, ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, яшаш учун қулай шароитлар яратиш, камбағалликка қарши курашишнинг янги молиявий архитектурасини яратиш ишлари амалга оширилди. Кейинги йилларда ушбу йўналишларда муҳим ҳуқуқий, молиявий-иқтисодий, ташкилий-институционал асослар яратилди. Ёндашувлар, механизмлар такомиллаштирилди ва бу жараёнлар изчил давом этмоқда. Кенг қамровли дастурий вазифаларни изчил давом эттириш орқали келгуси беш йил давомида юртимизда мутлақ камбағалликка тўлиқ барҳам бериш мақсади қўйилгани катта ирода бўлиб, бу барчамизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди.
Ялпи мажлисда маъқулланган “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонунга кўра, суғурта ҳодисалари юзага келган тақдирда, жамғарма томонидан суғурталанган шахсларга ва (ёки) уларнинг оила аъзоларига давлат ижтимоий суғуртаси бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси, ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилади.
Эндиликда Жиноят кодексига киритилган ўзгаришга кўра, электр, иссиқлик энергияси, газ ва сув ўтказгичдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилади.
Давлат мулкини хусусийлаштириш билан боғлиқ қонунга биноан ер участкалари аукцион савдоларида сотилганида харидорларга тўсиқларсиз расмийлаштириб берилади.
Солиқ кодексига кирган ўзгаришга кўра, дала четларидаги майдонларда мақбул экин экилмаган тақдирда, мазкур ер участкасининг экин экилмаган қисми учун ер солиғи ставкасини уч баравар миқдорда ҳисоблаш белгиланди.
Айрим қонун ҳужжатларига киритилган қўшимча ва ўзгартиришларга кўра, фуқаролар эндиликда Конституциявий судга мурожаат этса, улар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ижро билан боғлиқ қонунга киритилган қўшимчага биноан ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kXERa3D8abc" title="SENAT: muhim masalalar va kuchaytirilgan jazo choralari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Сенат ялпи мажлиси эртага ўз ишини давом эттиради.
Норгул Абдураимова, Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА