Мамлакатимизда 48 давлат музейи ва уларнинг 73 филиалида қарийб 2,5 миллион музей ашёлари ва коллекциялар сақланмоқда. Шунингдек, 6 та нодавлат музей фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда жами 25 мингга яқин музей ашёлари ва коллекциялар мавжуд.
Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари сони 1,3 миллионни ташкил этмоқда.
Уларни сақлаш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш соҳасида айрим ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар йўқ эмас. Хусусан, соҳани тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда номувофиқликлар мавжуд. 2008 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Музейлар тўғрисида”ги қонунда Маданият вазирлиги музейларни бошқариш соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида қайд қилинган.
Бироқ, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 апрелдаги фармони билан Маданият вазирлиги тизимидаги давлат музейлари, музей қўриқхоналари ва уй музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигига ўтказилган.
Шунингдек, музейлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тарқоқ ҳолда бўлиб, уларнинг сони юздан ортиқ.
Ҳукумат томонидан тасдиқланган Низомга кўра, миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлаш тартиблари белгиланган, холос. Лекин Миллий музей фонди таркибига киритилмаган 1,2 миллионга яқин музей ашёлари ва коллекцияларини ҳисобга олиш ва сақлашнинг аниқ тартиблари мавжуд эмас.
Шу каби муаммо ва камчиликлар музейлардан кўплаб ноёб экспонатлар ўғирланиши ёки қалбакисига алмаштириб қўйилишига олиб келмоқда. Жумладан, республика бўйича 14 музейнинг 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлари талон-торож қилинган. Умуман, 30 йилда маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори 4 триллион сўмдан ошган.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасида ўтказилган мажлисда шу ҳақда сўз юритилди.
Мажлисда “Музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида”ги масала муҳокама этилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилган профилактик ишлар, кўрилган чоралар ҳамда кўзда тутилаётган режалар тўғрисида ёзма равишда асослантирилган тушунтириш бериш талаби қўйилган парламент сўровини ялпи мажлис муҳокамасига олиб чиқиш масаласи қўмита аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Мажлисда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йилнинг 9 ойи якуни бўйича бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳам муҳокама қилинди.
Сенаторлар давлат дастуридаги айрим вазифалар ижроси кечикаётганига эътибор қаратди. Хусусан, тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида етук мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, кино шаҳарларни барпо этиш борасидаги ишларни янада жонлантириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Кўриб чиқилган масалалар бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА