Семинар: қишлоқ хўжалигида сув таъминоти
Сирдарё вилоятида сув хўжалиги ташкилотларида ёрдамчи хўжаликларни ривожлантириш, коллектор-дренаж тармоқларини кластер ва сув истеъмолчиларига бириктириб бериш, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш бўйича семинар бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев, соҳа мутасаддилари, кластер ва фермер хўжалиги раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар ҳавза бошқармалари бошлиғининг ўринбосарлари, мелиоратив экспедиция бошлиқлари иштирок этди.

Семинар қатнашчилари дастлаб Қуйи Сирдарё ИТҲБ (ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси) тасарруфидаги Шўразак-Сирдарё ИТБ(ирригация тизими бошқармаси)да бўлиб, у ерда ташкил этилган ёрдамчи хўжаликдаги лимончилик, қўйчилик, қуёнчилик, балиқчилик, паррандачилик фаолияти билан танишди. Семинар қатнашчилари Сайхунобод туманидаги “Сирдарё политекс” кластерига қарашли далаларда бўлди, бу ерда кўргазмалар ташкил этилди.
– Вилоятда 7 832 км коллектор-дренаж тармоқлари мавжуд бўлиб, шундан 1 974 км қисми мелиоратив экспедиция ҳисобида, 5 857,6 км қисми хўжалик ички коллектор-дренаж тармоқлари ҳисобланади. Хўжалик ички коллектор-дренаж тармоқлари 100 фоиз кластерларга далолатнома асосида берилди. Улар тўғрисидаги маълумотларни акс эттирувчи 105 дона паспортларни(табличка) ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 93 донаси ўрнатилди.
– Бугунги кунга қадар вилоят бўйича 1,1 минг гектар ер очилди, ушбу майдонларга полиз ва сабзавот экинлари экилди, – дейди Қуйи Сирдарё ИТҲБ бошлиғи Ш.Исроилов. – Келгусида режаларимиз кўп. Вилоят сувчилари учун уларнинг машаққатли меҳнатларини қадрлаган ҳолда дам олиш комплексини барпо этмоқчимиз.

– Ўрнак қилиб кўрсатишга арзигулик кластерлар, фермер хўжаликлари бор, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги мелиорация бошқармаси бошлиғи Қ.Муродов. – Кластерлар билан ишни бирга тўғри ташкил этиб, хусусий шерикчиликни ривожлантирсак ишимизда унум бўлади. Маблағ тежалади, деҳқоннинг даромади ортади. Қолаверса, улар давлатдан 10 йил мобайнида субсидия олади.
Семинарда иштирокчилар барча саволларига жавоб олди.
Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА