Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги “Саманкўл” овул фуқаролар йиғинида жойлашган давлат ўрмон хўжалиги тажриба майдончасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги қўмитаси, Хўжайли туман ҳокимлиги ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида 5 июнь — “Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” кунига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Иштирокчилар туманда тажриба тариқасида етиштирилаётган лаванда, павловния ва годжи сингари хориждан келтирилган ўсимликларнинг ўсиб ривожланиши билан яқиндан танишди. Мутахассислар ушбу экинларнинг экология ва инсон организми учун фойдали хусусиятлари ҳақида гапириб берди.
Годжи меваси Хитойнинг Тибет тоғларида ёввойи ҳолда ўсувчи бебаҳо ва фойдали мевалардан биридир. У Чин давлатида қадим даврлардан инсон умрини узайтирувчи восита сифатида қўлланиб келинмокда. Мева кучли қувватни оширувчи ҳисобланиб, чинакам минераллар ва дармондорилардан иборат хазинадир. Годжи мевасида С витамини лимонга нисбатан 500 марта кўп. Меваси таркибида ноёб шифобахш хусусиятли полисахаридлар топилган. Булардан ташқари ўзида германий элементи бўлган, саратон касаллиги билан курашадиган ягона табиий маҳсулот ҳисобланиб, кучли табиий антиоксидантдир. Яна годжи меваси таркибида кислород флавоноидларини сақлайди. Бу бирикмалар организмни жигардаги ортиқча ёғлардан халос бўлишга мажбур этади.

Оролбўйини ўрмонзорга айлантириш ғояси бугун қорақалпоғистонлик кекса-ю ёшни шу эзгу мақсад йўлида янада жипслаштирди. 2021 йил куз ва 2022 йил баҳор мавсумида Қорақалпоғистон Республикасида 15,4 миллион тупдан зиёд манзарали-мевали дарахт, бута кўчатларини экиш ишлари олиб борилди. Мавсум учун белгиланган режа 110 фоизга бажарилди. Эндиги вазифа эса ҳар кўчатни нест-нобуд қилмай парваришлаш, унинг агротехникаси ва суғориш тизимини йўлга қўйишдан иборат.
Хўжайли туманида бу йилги мавсумда жами 497 минг 489 дона дарахт ва мева кўчати экилган бўлиб, белгиланган режа 100,5 фоизга бажарилди. Айтиш жоизки, ҳудудда экилган дарахтлар доимий суғориш тармоғига уланган, қолаверса, парвариши юзасидан масъуллар бириктирилган.
“Саманкўл” овул фуқаролар йиғини Хўжайли тумани марказидан 4 километр олисда жойлашган. Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитасига тегишли мазкур овулдаги 26 гектар майдонда 24 турдаги минг туп мевали-манзарали дарахт кўчати экилган. Айни вақтда ниҳолларни суғориш билан боғлиқ агротехника ишлари амалга оширилмоқда.
Яна бир янгилик – шифобахш лаванда гули энди Қорақалпоғистонда. Оролбўйи мутахассислари Фарғона вилоятидан олиб келинган лаванда уруғларидан хонаки усулда кўчат етиштириб, 4 гектар майдонга экди. Шу тариқа ҳудудда лаванда плантацияси пайдо бўлди.

Лавандадан косметология ва тиббиётда кенг фойдаланилади. Унинг гуллари тўлиқ етилгач, худди беда каби мавсум давомида 3 марта ҳосил олиш мумкин. Тажриба тариқасида етиштирилаётган бу лаванда гулларини кейинчалик экспорт қилиш ҳам режалаштирилган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси барчани ўрмонзорлар, янги-янги боғ-роғлар барпо қилишга ундамоқда. Кенг жамоатчилик эса атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш орқали ҳудудни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Семинар якунида атроф-муҳит муҳофазасига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ мутахассислар рағбатлантирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА