Секторлар фаолияти “ғалвир”дан ўтказилди
Бу йил поёнига етиб, янги 2023 йил тобора яқинлашмоқда. Йил давомида “Амалга оширдик!” деган ишларимизни энди ғалвирдан ўтказиб, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратадиган пайт келди.
Жиззах вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилиш ана шу мақсадга қаратилиб, якунланиб бораётган йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида секторлар фаолиятида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Унда секторлар фаолиятини баҳолашда самарадорлик кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратилиб, амалга оширилган ишлар тегишли индикаторлар орқали холисона таҳлил қилинди.
– Жорий йилнинг биринчи ярмидан бошлаб шаҳар ва туманлар секторлар раҳбарлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг янгича тартиби ишлаб чиқилиб, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида ишчи гуруҳи ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Жиззах филиали раҳбари Эркин Холбўтаев. – Ушбу ишчи гуруҳи сектор раҳбарлари томонидан олиб борилаётган ишлар, шахсий ташаббусларни маҳаллаларга чиққан ҳолда ўрганиб, 10 баллик тизим асосида баҳолаб бормоқда ҳамда умумий рейтинг шакллантириляпти.

Ушбу ҳисобот йиғилишида паст натижага эришган секторларнинг фаолияти танқид қилиниб, уларга халқ билан янада яқинлашиш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш, фуқароларимизнинг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламини тадбиркорликка йўналтириш, ўзини ўзи банд қилиш борасидаги ишларни қўллаб-қувватлаш, керак бўлса уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва шу каби муаммолар бўйича аниқ кўрсатма ва вазифалар юклатилди.
Шунингдек, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаолларига яқиндан ёрдам бериш, очиқлик ва ошкоралик тамойилига амал қилиш, ҳар бир ишнинг ечимига адолат ва шаффофлик билан ёндашиш каби масалалар муҳокама қилинди.
А.Қаюмов, ЎзА