Сектор раҳбарлари ўқувчиларга дарс ўтди
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида туман секторлари раҳбарлари томонидан тарбия дарслари ўтказилди.
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида туман секторлари раҳбарлари томонидан тарбия дарслари ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари раислигида 2019 йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона “Тарбия” фанини жорий қилиш зарурлиги қайд этиб ўтилган эди. Шунга кўра, 1-9-синфларда 2020-2021 ўқув йилидан, 10-11-синфларда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш, унда раҳбарларнинг иштирокини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Шундан келиб чиқиб Ғузор тумани сектор раҳбарлари томонидан тажриба-синов тариқасида тарбия дарслари ташкил этилди. Шу куни туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи 8-синф, туман ички ишлар бўлими раҳбари 9-синф, туман прокурори 10-синф ва туман ҳокими 11-синф ўқувчиларига дарс ўтди.

Дарсларда сектор раҳбарлари ўқувчиларга болаликда мактабда ўзларини қандай тутганликлари, қандай ўқиганлари, кимдан қайси жиҳатларни ўрганганларидан хурсанд эканликлари-ю нималарни ўрганмагандан афсусланишларини, эл-юрт ичида ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлиш учун нималарни назардан четда қолдирмаслик зарурлигини ҳаётий мисоллар ёрдамида сўзлаб беришди. Қийинчиликларни енгиш ва муваффақиятга эришиш “сир”лари билан ўртоқлашишди.
– Энг аввало, болалардаги иштиёқни, билимга интилишни кўриб жуда хурсанд бўлдим, – дейди Ғузор туман прокурори Бекзод Суюнов. – Ўқувчиларга ўз ҳаётий тажрибаларимизни сўзлаб бердик. Ҳақиқат таққосларда кўринади, дейишади. Шу боис бугун ёшлар камоли учун яратилган шароитлару болалигимизда гувоҳи бўлганимиз – машаққатлар ўртасидаги тафовутни рўй-рост кўрсатиб беришга интилдик. Очиғи, мароқ билан дарс ўтдик. Шундай дарсларни ҳар ҳафтада битта мактабда ўтказишга келишиб олдик.
Тарбия дарсларига шу мактабнинг собиқ ўқувчиси, “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Январ Иноятов ҳам меҳмон бўлиб, ёшларга ўзининг болалик йиллари, ўша пайтлардаги машаққатлар, бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиш кераклиги ҳақида сўз юритди. Бундай дарслар ёш авлод қалбидаги беғубор орзу-ҳаваслар рўёбга чиқишига катта туртки бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.



