Сайёр қабулда муаммолар назоратга олинди
Жиззах вилояти Дўстлик туманида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди. Унда Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Назира Мухторова, вилоят ва тумандаги Президент Халқ қабулхоналари, вилоят ва туман мутасадди ташкилотлари раҳбар ва вакилари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, туман ҳокими ёрдамчилари, мурожаатчилар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Жиззах вилоятдаги Президентнинг Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов олиб борди.
Таъкидланганидек, Дўстлик туманида 2022 йилда инвестиция дастурига асосан умумий қиймати 133 миллиард 400 миллион сўмлик 53 та янги лойиҳа ишга туширилган. 1 минг 220 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Аҳолини электр энергияси, табий газ, ичимлик сув таъминоти, ички йўллар ва бошқа инфратузилма объектлари билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал этиш мақсадида туманга барча манбалар ҳисобидан 7 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилган. Юртбошимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан 2023 йилда туманда умумий қиймати 164 миллиард 300 миллион сўмлик 37 та янги лойиҳани амалга ошириш, 532 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
[gallery-10970]
Дўстлик тумани аҳолиси учун ўтказилган сайёр қабулда фуқаролар томонидан бандлик, уй-жой, ер, кредит маблағлари, ижтимоий муаммолар, моддий ёрдам каби масалалар кўтарилди. Ушбу мурожаатларни тегишлилигича ўрганиб чиқиш ва белгиланган тартибда ечимини топиш бўйича вазифалар белгиланди. Жумладан, мурожаатларнинг барчаси тегишли тартибда қайд этилиб, масъул ташкилот раҳбарларига ҳал этиш бўйича аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди ва ижроси назоратга олинди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА