
Пойтахтимиздаги Янгиҳаёт туманида Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси шаҳар бошқармалари томонидан туман аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди.
Янгиҳаёт туманида 30 та маҳалла жойлашган бўлиб, унда 148 мингга яқин фуқаро истиқомат қилади. Янги туманнинг ерларини хатловдан ўтказиш, электрон тармоқда мужассамлаштириш, муаммо ва камчиликларини бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Учрашувда Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошхўжаев ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Жасурбек Каримовлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг кадастр тизимига оид мурожаатлари жойида, уй ва нотурар объектларининг ҳужжатларини ўрганиш орқали кўриб чиқилди. Кун давомида келган мурожаатчиларнинг ишлари асосан ижобий натижа топди.

Жумладан, Фуқаро Ионидис Александрос Фотис Спутник мавзеси 43- уй 13- хонадондан ўзига тегишли қисмига алоҳида кадастр шакллантириш масаласида мурожаат қилди ва бу жойида ҳал этилди.
Фуқаро Инобат Содиқованинг Чоштепа кўчаси 304-уй-жой, хусусан, марҳум турмуш ўртоғи номидаги уй-жойга тегишли мерос масаласида мурожаат қилди ва бу борада юридик тушунтиришлар олди.
Асосийси, ҳар бир мурожаатчи ушбу сайёр қабулдан рози бўлган ҳолда қайтди. Бир неча масалалар таҳлил этилган холда ўз ечимини топди.
Гулноза Бобоева, ЎзА