Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги топшириғига асосан, Олий суд раиси К.Камилов раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳи Бухорода сайёр қабул ўтказмоқда.
Бухоро нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежи биносида бўлиб ўтган қабулнинг биринчи кунида Бухоро ва Когон шаҳарлари, Когон ва Қоровулбозор туманлари фуқаролари иштирок этди.
Сайёр қабулда 228 та мурожаат келиб тушди. Шундан, 41 та жиноят, 41 та маъмурий ҳуқуқбузарлик, 101 та фуқаролик, 19 та иқтисодий, 26 та оммавий муносабатлар бўйича ишлар кўрилди. 25 нафар фуқароларнинг аризаси қаноатлантирилди. Уларнинг кассация шикоятлари Олий судда мазмунан кўриш учун қабул қилинди. 6 нафар фуқаронинг апелляция шикояти расмийлаштириш учун қабул қилинди. 8 нафар фуқаронинг даъво аризалари биринчи инстанция судининг иш юритувига қабул қилинди. 61 нафар фуқароларнинг турли мазмундаги аризалари жойида ижобий ҳал этилди. 128 нафар фуқарога тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Бундан ташқари, 7 нафар судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо турлари Жиноят кодексининг 73-моддаси тартибида муддатидан олдин шартли равишда озод этилди. 23 та фуқароларга алимент ундириш ҳақидаги суд буйруқлари чиқарилиб, ижрога қаратилди. 4 та ҳолатда ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, натижасига кўра уларни яраштиришга эришилди. 61 та ҳолатда фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, низолар ҳал этилди.
Сайёр қабул давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА