Сайёр қабул муаммоларни ҳал этишнинг самарали усули
Мамлакатимизда халқ билан мулоқотнинг самарали механизми яратилди. Хусусан, вилоят, шаҳар ва туманларда Президент Халқ қабулхоналари фаолиятининг йўлга қўйилгани аҳоли кундалик турмуши, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, хизмат соҳаси, тадбиркорлик ривожидаги муаммо ҳамда камчиликларни бартараф қилиш орқали тараққиётни жадаллаштиришга хизмат қилмоқда. Айни жараёнда жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар ҳам халқ ичига кириб бориш, унинг ташвиш ва муаммоларини чуқур ўрганган ҳолда тегишли идора ва ташкилотлар билан бамаслаҳат ҳал этишнинг натижадор воситаси сифатида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумот ўрнида Президентнинг Бухоро вилояти Қоракўл тумани Халқ қабулхонаси сектор раҳбарлари билан тасдиқланган режага асосан жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудларда 88 маротаба сайёр қабул ташкил қилган.

--Ўтказилган сайёр қабуллар жараёнида бандлик, соғлиқни сақлаш, уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик, кредит, йўл қурилиши, газ, электр энергия таъминоти, моддий ёрдам билан боғлиқ 611 мурожаатлар келиб тушган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қоракўл туманидаги Халқ қабулхонаси мудири А.Оққиев. -- Мурожаатларни назоратга олиниб, бугунги кунда 307 таси тегишли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилди. 197 таси яъни 64 фоизи ижобий ҳал қилинди.
Бунга мисол тариқасида 3-сектор раҳбари билан “Янгиқалъа” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр қабулда фуқаро Собир Бозоровнинг яшаш хонадонига олиб борувчи кўча йўлини таъмирлаб беришни сўраб қилган мурожаатига асосан тегишли ташкилотлар жалб қилинган ҳолда жойида ўрганиб чиқилди. Натижада 200 метр йўлга шағал ётқизилди.

Шунингдек 3-сектор раҳбарининг “Янгибозор” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказган сайёр қабулида мазкур ҳудудда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Шаҳриноз Ҳамроевага ногиронлик аравачаси олиб бериш бўйича қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди.
Бундан ташқари, 2-сектор раҳбари билан “Сайёд” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган қабулда Меҳригул Тешаеванинг 1988 йилда ўтказилган 10000 кВаттли электр узатиш линияси Қуйи Сайёд кўчасида яшовчи 14 та аҳоли хонадонига ёмғир ва шамолли кунларда ҳамда ёзнинг иссиқ кунларида хавф туғдириши ҳамда бунинг натижасида 2019 йилда бир нафар фуқаро вафот этганлиги сабабли, ушбу электр узатиш линияси ўтувчи 14 та бетон симёғоч устунларини бошқа жойга кўчирилиши масаласидаги мурожаати тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ҳал этилди.
Зариф Комилов, ЎзА