Мамлакатимизда аҳолининг ҳар бир қатламига қулай шарт-шароит яратиш, давлат хизматларини тез, шаффоф ва фуқароларга яқин тарзда тақдим этиш давлат сиёсати даражасидаги устувор йўналишлардан бирига айланди.
Шу мақсадда Сардоба туман давлат хизматлари маркази томонидан навбатдаги сайёр давлат хизматлари акцияси Юртдош ва Қуйитош маҳаллаларида истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган фуқаролар учун ташкил этилди.
Тадбир давомида фуқаролар кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, электрон рақамли имзо калитини олиш, нафақа миқдори тўғрисидаги маълумотни ҳамда судланмаганлик ҳақидаги маълумотномани тез олиш имкониятига эга бўлдилар. Барча хизматлар фуқароларнинг ўз уйлари ёнида, қулай шарт-шароитда кўрсатилди.

– Сайёр хизматларнинг асосий мақсади аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг мурожаатларини жойида ҳал этишдир. Айниқса, имконияти чекланган фуқаролар учун бу хизматлар жуда катта аҳамиятга эга. Улар эндиликда зарур ҳужжатларни олиш учун узоқ масофалар босиб ўтишига ҳожат қолмайди, – дейди туман давлат хизматлари маркази ходими Абдуғани Холбоев.
Фуқаролар ҳам бу каби саъй-ҳаракатлардан хурсанд бўлишди.
– Бундай қулайлик яратилаётганидан жуда хурсандман. Ҳужжатларимни ўз уйим ёнида расмийлаштириш мен учун катта енгиллик бўлди. Бу ташаббус биз, ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳақиқий ёрдамдир, – дейди Юртдош маҳалласи фуқароси Жумабой Маҳкамов.
Ғулом Примов, ЎзА