Сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси кўмагида Чимкент шаҳрининг туристик салоҳияти тўғрисида тақдимот ўтказилди.
Шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилишича, Чимкентнинг туристик салоҳияти тўғрисида Чимкент шаҳар туризм ва ташқи алоқалар бошқармаси туризм соҳасини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Азамат Нуримбетов тақдимот қилди.

Шунингдек, Чимкент шаҳри таклиф этаётган сайёҳлик йўналишларига бағишланган сермазмун ва қизиқарли видеоролик намойиш этилди. Мазкур видеоролик зиёрат туризми, жумладан, Сайрамдаги мусулмонлар зиёратгоҳлари, арзон нархларда ноёб халқ таомлари билан қаҳвахона ва ресторанларга гастрономик туризм, корхоналарни очишда қулай шарт-шароитлар ва имтиёзлар таклиф этаётган ишбилармонлар учун бизнестуризм каби йўналишларни қамрайди.

Бундан ташқари, Чимкентда кўплаб арзон турар-жойлар мавжуд бўлиб, транспорт инфратузилмаси яхши ривожланган ва кўплаб боғлар ҳамда хиёбонлар ёнида ўзига хос меъморий услубга эга бўлган замонавий бинолар жойлашган.
Тадбир иштирокчиларига Тошкент шаҳар ҳокимлигига тантанали равишда совға сифатида тақдим этилган замонавий ва илғор технологиялар ёрдамида яратилган китоб-альбом кўрсатилди. Шунигдек, Чимкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари бўйлаб виртуал 3D саёҳатга эга ВР кўзойнаклар намойиш этилди.

Тақдимотнинг расмий қисми Чимкент шаҳар туризм ва ташқи алоқалар бошқармаси, Қозоғистон ва Ўзбекистон туроператорлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларни имзолаш билан якунланди.
Меҳмонларга Ўзбекистон пойтахтининг туристик салоҳиятини очиб берувчи “Салом, Тошкент" видеоролиги намойиш этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА