Президент топшириғи амалда
Қуёш тафти ерни энди қиздираётган кунлар эди. Термиз туманида яшайдиган бир танишимни учратиб қолдим. Йўл бўйида анча дардлашдик. Гап орасида ҳовлида йигирма бош товуқ парваришлаб, бозордан уйга тухум ташиш ташвишидан қутилганини айтиб қолди.
– “Сайхунобод тажрибаси”ни жорий этиш ҳақида тавсиялар бўлгач, қизиқиб, бозордан товуқ сотиб олдим. У кони фойда экан, – дейди танишим қувончини ичига сиғдира олмай. – Ҳар куни ўндан ортиқ тухум беради. Бозорда паррандачилик фабрикасининг тухуми 1 минг 200 сўм. Уй товуғиники эса катта-кичиклигига қараб, икки минг сўмгача сотилмоқда. Ўзи хонаки товуқ тухумини истеъмол қилмаганимизга ҳам кўп йил бўлган экан. Паррандачилик фабрикаси тухуми билан солиштирсангиз таъмида катта фарқ бор. Тўйимли ва юқори калорияга эгалигини сезасиз. Ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам маза қиляпмиз. Ортиб қолса қўни-қўшниларга улашяпмиз. Энди ҳовлининг бир бурчагидан катта товуқхона қуриб, бошланишига икки юздан ортиқ жўжа олиб, парваришламоқчиман. Банкдан кредит беришмоқчи. Эҳтиёждан ортган тухумни сотишни йўлга қўяман. Ҳисоблаб чиқдим. Тухумнинг ўзидан, озуқасидан ташқари ойига 5-7 миллион сўм даромад топса бўлар экан.
Сурхондарёда “Сайхунобод тажрибаси” аҳоли томорқаларининг бўш турган ерларидан оқилона фойдаланиш, чорвачилик, қуёнчилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа йўналишларни йўлга қўйиб, қўшимча даромад топиш манбаига айланмоқда. Қишлоқларда тикувчилик цехлари қурилиб, ишга туширилаётир. Аҳолига хизматлар кўрсатиш ривожланаётир. Масалан, Музработ туманидаги Боғи эрам маҳалласига бундан бир неча йил аввал борганимда аҳоли томорқаларга кеч кузда ғалла, ёзда дон йиғиштириб олингач, маккажўхори экилишини эшитган эдим. Сув етишмаслигидан айрим томорқаларга экин экилмаслигини ҳам айтишган эди. Бугун маҳаллага борсангиз, мутлақо бошқа вазиятга дуч келасиз. Томорқаларида сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат экинлари етиштираётган, чорва моллари ва парранда парваришлаётган ер эгаларига дуч келасиз. Уларнинг рўзғори бутлигини, ҳаётидан розилигини кейинги йиллардаги ислоҳотлардан мамнун чеҳраларидан ҳис этасиз.
Ўтган йили Боғи эрам “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари асосида янги қиёфада бўй кўрсатди. Туман марказидан 35 чақирим олисдаги чекка маҳаллада йирик ҳажмдаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳудуд аҳолисининг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароит яратилди. “Сайхунобод тажрибаси” эса уларнинг ҳаёт даражасини янада оширишга, фаровон турмуш кечиришига хизмат қила бошлади.
Маҳалладаги 610 дан ортиқ оилада уч мингга яқин аҳоли яшайди. Дастур доирасида 80 та хонадон таъмирланиб, бир километр давлат аҳамиятидаги, 1,7 километр ички йўлга асфальт, 13,1 километр тупроқ йўлга тош ётқизилди. 1 минг 350 метр пиёдалар йўлаги қурилиб, 7 та трансформатор пункти таъмирланди. Янги маҳалла идораси, тикувчилик цехи қурилди. 71 та темир-бетон устун ўрнатилиб, “Занг” каналидан 4 километр оқова сув учун ариқ қазилди.
Маҳаллага “Сайхунобод тажрибаси” кириб келгач, кимдир деҳқончиликни, бошқа биров чорвачилик, товуқчилик, қуёнчиликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди. Ғофур Сафаров кўнглида чорвачилик ва товуқчиликни йўлга қўйиш истаги пайдо бўлди. Бунинг учун ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчиси кўмагида беш миллион сўм кредит олди.
– Ҳозир қўрамизда олти бош майда мол бор, – дейди Ғофур Сафаров. – Йигирмадан ортиқ товуқ ҳам парваришлаяпмиз. Кредитдан самарали фойдаланиб, қўйчиликни ривожлантирмоқчимиз. Паррандани ҳам кўпайтирамиз. Ўзим якка тартибда уй қурадиган устаман. Кредитни ўз вақтида қайтаряпман. Чорвага фарзандларим қарайди. Ота-боболаримиз паррандани бежиз етти хазинанинг бири демас экан. Тухуми уйга етиб турибди. Энди товуқни ҳам кўпайтириб, рўзғордан ортган тухумини сотмоқчимиз. Энг муҳими уйда ҳеч ким бекорчи эмас, ҳамма ишли бўлди.
Вилоятда “Сайхунобод тажрибаси” асосида аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш учун тижорат банклари иштирокида ҳар бир маҳалланинг ихтисослашуви ҳамда имкониятларидан келиб чиқиб, бизнес-режалари ишлаб чиқилди. Боғи эрам маҳалласини “Халқ банки” мутахассислари ўрганиб, чорвачилик, қуёнчилик, паррандачилик ва томорқа хўжалигини кенг йўлга қўйиш режаси белгиланди.
– Дастлабки босқичда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ва етарли маблағга эга бўлмаган одамларга 400 миллион сўмдан ортиқ кредит ажратилди, – дейди маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси Ойбек Ботиров. – Бу маблағни олиб, қишлоқда ўз бизнесини юритаётган маҳалладошларимиз фаолиятларини кенгайтириш истагини билдирмоқда. Уларга эргашиб, бошқалар ҳам деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик каби соҳаларда ўзини ўзи банд қилишга қизиқиш билдираётир.
Сурхондарёнинг унумдор тупроғи, экин учун мўътадил қуёш нури ва турли озуқаларга бой суви деҳқончилик учун қулай муҳит яратган. Бундан оқилона фойдаланаётган томорқа ер эгалари қишин-ёзин меҳнат қилиб, тўкин турмуш кечирмоқда. Айниқса, деҳқонлар Ангор, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Узун туманларида томорқанинг ҳар қаричидан унумли фойдаланишга одатланди. Воҳанинг бошқа туманларида ҳам ернинг ҳар қаричи даромад манбаи эканига ишонч пайдо бўлди.
Маълумотларга кўра, вилоятда 482 мингта аҳоли хонадони мавжуд. Уларга 49 минг 500 гектар ер томорқа сифатида ажратиб берилган. Томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва юқори даромад олишни намуна тариқасида ташкил этиш учун ҳар бир маҳалладан бештадан еттитагача хонадон танлаб олиниб, уч минг 863 хонадонда “Сайхунобод тажрибаси” оммалаштирилди. Уларга ўз ишини йўлга қўйиши учун 88,6 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Жумладан, 151 та хонадонга чорва моллари, 257 тасига парранда учун кредит берилди. 172 та хонадонга асалари уяси етказилди. 718 тасида иссиқхона ва 37 тасида балиқчилик, олтитасида қуёнчилик ташкил этилди. 645 хонадон тикувчилик, 281 таси боғдорчилик билан шуғуллана бошлади. 1 минг 149 хонадонга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун асбоб-ускуналар, 2 минг 33 та хонадонга бошқа йўналишларда молиявий ёрдам кўрсатилди.
Жанубда кенг қулоч ёзаётган бу тажриба аҳолини бир йўла ишли ва даромадли қилиб, одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб, эртанги янада фаровон турмушга интилиб яшашида муҳим омил бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири