Бу галги саёҳатимиз Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Қалқама ҳудудида жойлашган Қуруқсой қишлоғи бўлди.

Бу манзилга бизни қишлоқдаги 5 асрлик чинор етаклади. Фотомухбир билан отландик. Ҳар гал вилоятнинг тоғли ҳудудларига йўл олар эканмиз, олам-олам таассуротлар билан қайтамиз. Боиси тоғ йўлларида юриш, ажойиб табиат ҳар қандай кишини ўзига ром этади.  

Туман марказидан узоқлашишимиз билан поёни йўқдек қир-адирлар бошланди. Баҳорда барқ ўриб ўсган майсалар, аллақачон бу йилги фаолиятини якунлаб, сариқ тус олган. Узоқ-узоқлардан хашак йиғаётган ва чорвасини ўтлатиб юрган чорвадорлар кўзга ташланади. Тоққа яқинлашган сайин ҳаво ҳарорати салқинлаша бошлайди. Биз йўлга чиққан кун Қалқама аҳолиси бозор қиладиган кун экан. Қарийб бир километрлик йўл одамлар, техникалар, сотиш учун олиб чиқилган маҳсулотлар билан тўла. Тўхташга мажбур бўлдик, юришни иложи бўлмади. Фурсатдан фойдаланиб бозорни ҳам бироз томоша қилдик. 

[gallery-8117]

Эртаклардаги қадимий бозор тасвирини эсланг. Қўқиб ётган жун бозори, ҳув анави гул бозори... худди шу саҳна Қалқама бозорига бориб ёзилган бўлса керак деб ўйлайсан киши. Қалқама бозорига келсангиз “Маринка” емасдан кетманг. Тумандан қўшилган ҳамроҳларимиз шундай дея қўярда қўймай ошхонага чорлади. Умримда бундай таом емаган эдим. Аниқ бўлишича, “Маринка” фақат ширин сувли дарёларда яшайдиган кичкина ҳажмли балиқ тури экан. Ундан тайёрланган таом эса жуда мазали бўлар экан. Ҳар ҳолда биз шунга амин бўлдик. Яна бир қимматли маълумот ушбу балиқ туридан тайёрланадиган таомлар фақатгина Қалқама бозорида арзон экан.  

Йўл юришда давом этдик. Қалқама тоғлари бошқа тоғлардан фарқ қилади. Маҳобатли тошлар билан бирга тупроқ қатлами ҳам қалингина. Тоққа ўрмалаб чиқа бошлагач ўнг томонда сувининг бешдан бир қисми қолган Қалқама сув омбори кўз ўнгимизда гавдаланди. Ушбу омбор сел сувлари ҳисобига тўлади ва қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сарфланади. Аввалига сойликларга уланиб кетган қир-адирлар ундан сўнг ҳақиқий тоғ йўллари бошланди. Ниҳоят қадимий чинорга макон бўлган Қуруқсой қишлоғига етиб келдик. Шу ерлик оқсоқолларнинг таъкидлашича, ушбу қишлоқда қадимий Юз уруғига мансуб 400 дан ортиқ хўжалик яшайди.  

Маълумот ўрнида Чироқчида яшовчи ҳар бир ҳудуд аҳолиси етти ёшдан етмиш ёшгача ўзининг қайси уруғга мансублигини билади. Бу борада манаман деган тарихчи ҳам улар билан тортиша олмайди. Меҳмонга бориб қолсангиз ҳам биринчи саволи шундай: Сиз қайси уруғдансиз? Агар сизда бундай маълумот бўлмаса ҳам ранжиманг қиёфангизга ва келиб чиқишингизга қараб уруғингизни албатта топишади. Қуруқсой қишлоғининг тарихи ҳам ажойиб. Айтишларига қараганда бир пайтлар қишлоқ ҳудуди булоқлари шариллаб оқиб турувчи, арчазорга бой қўриқ яъни ўрмон жой бўлган. Нима бўладию ўрмонга ўт кетади. Дарахтларнинг катта қисми ёниб кетади. Ям-яшил қўриқ ўрни қуп-қуруқ тоғу тошга айланади. Сойлари ҳам қуриб қолади. Шу-шу бу ҳудуд Қуруқсой дея атала бошлайди. 

Ўша бизга таърифланган азим чинор бизни қарши олди. Унинг маҳобатини атрофни эгаллаб турган соясидан ҳам англаш мумкин. Соянинг қалинлигидан остига қуёш нури тушмайди. Чинор остида мўъжазгина лойсувоқ супа қурилган. Албатта дам олувчилар учун. Унда ўтириб бироз салқинладик. Мусаффо ҳаводан сипқириб, чуқур-чуқур нафас олдик. Ижодий гуруҳ ва атрофда йиғилганлар 8 киши бўлиб, чинорни қулочкашладик, аммо қулочимиз етмади. Яна тўрт кишини ёрдамга чақирдик. Шундагина чинор айланасини тўлиқ қамрай олдик. Ушбу чинор тарихи билан боғлиқ ривоятларни қуруқсойлик оқсоқоллар шундай ҳикоя қилади: 

– Бу чинор беш асрдан зиёд тарихга эга, – дейди Ҳамро бобо Сиддиқов. – Ота-боболаримиздан етиб келган маълумотларга кўра, бу каби чинорлар Мирзо Улуғбек даврида экилган. Унинг экилишидан иккита мақсад кўзланган. Мирзо Улуғбек астрономия илмига қизиққани боис ушбу чинорларни юлдузларнинг осмонда жойлашган ҳолатига қараб эккан ва ҳар гал келганда юлдузлардаги ўзгаришларни кузатган. Бундан ташқари, доим Қуруқсой томонларга ойлаб шикорга чиққан ва йўлида адашиб кетмаслик учун мана шундай экилган чинорлар белги вазифасини

ўтаган. Айни пайтда бу каби чинорлардан Самарқанддан то бизни қишлоққача 7 туп бор.  

Бу ривоятлар қанчалик ҳақиқатга яқин ёки узоқ бизга ноъмалум. Бу борада бирорта ёзма маълумотларни ҳам кузатмадик. Аммо бир нарса аниқки қишлоқнинг булоқ сувлари оқиб турадиган сой бўйида барқ уриб турган ушбу чинор қанчадан-қанча йўловчию сайёҳларга хизмат қилгани, қанчадан қанча тарихий воқеаларга гувоҳ бўлгани тайин. Боиси ушбу тупроқлар Амир Темурдек соҳибқирон бобомиз ва унинг ота-боболари макон тутган маскан. Ҳудуд аҳолиси асосан лалми деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланиб, рўзғор тебратишади. Айниқса, қуруқсойлик боғбонлар етиштирган узумлар таъми тилларда достон. Масалан, Мурод Хўжаёров айни пайтда 65 ёшда сойни ёна қисмида 40 сотихлик томорқасида лалми узумзори бор. 

– Ушбу узумзорни отамизнинг отаси ташкил қилган ва уларнинг кўпчилиги ёш бўйича мендан ҳам катта, – дейди М. Хўжаёров. – Ҳар икки-уч йилда новдалари ёшартириб турилади. Узумзорда оилавий меҳнат қиламиз. Асосан, қора ва оқ кишмиш навларидан экилган. Бошқа навлардан ҳам бор. Йилига 2,5-3 тонна ҳўл мевасини сотамиз. 500 килограммдан зиёд майиз қилинади. Бозорга ҳам бориб юрмаймиз харидорларни ўзи уйимиздан олиб кетади. Тирикчилик шундан.  

Тоғда шароит оғир, лекин меҳнат қилган одам кам бўлмайди. Қишлоқ одамлари жуда самимий. Қишлоқда айни пайт 54 та булоқ бор. Булоқларнинг ҳар бирига бир-биридан ажойиб номлар қўйилган. Улардан энг машҳури “Мақтанчоқ булоқ”. Унинг номи антиқалиги қизиқишимизни орттирди. Маълумотларга кўра, ушбу булоқни Чуччи исмли кекса момо қишлоқнинг юқори қисмидаги оқсоқол ҳудудидаги булоқдан сув бермай қўйгач, кўз ёш тўкканча қўллари билан қазган. Шу-шу у ерда ажойиб булоқ пайдо бўлган ва бугунги кунгача булоқдан сув чиқиб туради ва қишлоқнинг қарийб ярим аҳолиси ундан сув ичади. Биз ҳам булоқ сувидан ичиб кўришга ошиқдик. Эмишки унинг сувидан бир бора ичган одам бир оз ўтгач кайфияти кўтарилиб, мақтана бошлар ва тинмай гапирар экан. Бундан ташқари, ўзини тетик ва бардам ҳис қилиб, қуввати ошармиш. Жимирлаб оқиб турган зилолдек булоқ суви ўзига мафтун этади. Таъми тотли ва кишига ҳузур бағишлайди, тана яйрайди.  

Ҳақиқатдан ҳам ширин хаёллар сура бошлайсан. Саховатли она заминнинг бағридан жўшиб чиқаётган булоқ суви инсонларга ҳаёт бағишлайди. Хуллас биз ҳам булоқ сувидан қониб-қониб ичдик. Шундан бўлса керак Қуруқсой қишлоғи ва унинг ажойиб табиати ва ўзига хос, самимий одамларини оғиздан туширмай мақтаб қолдик... 

Ўлмас Баротов, 
 Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Саёҳат манзиллари: Айланаси 12 қулоч бўлган чинор, “Мақтанчоқ булоқ” ҳақида эшитганмисиз?