
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва ҳудудлардаги вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтиши ҳақида тўхталди. Ишонаманки, сайловлар халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилигига тўла мувофиқ ҳолда, кучли рақобат муҳитида бўлиб ўтади, дея таъкидлади.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети «Халқаро ҳуқуқ ва оммавий-ҳуқуқий фанлари» кафедраси доценти, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Зарина Исроилова сайлов билан боғлиқ фикрлари билан ўртоқлашди:
– Бу йилги сайловлар янгиланган Конституциямизда белгилаб берилган ижтимоий-сиёсий муҳитда, ривожланган давлатлардаги каби илк бор аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади. Сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгилаб қўйилди.
Айтиб ўтиш керакки, янгиланган Конституцияда сайлов билан боғлиқ меъёрлар кенгайтирилди. 128-моддага кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.
Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга.
Сайлов кодексида эса сайлов ўтказишнинг асосий принциплари ўрин олган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади. Сайлов очиқ ва ошкора ўтказилади.
Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.
Сайловлар ўтказиш жараёнида сайлов округлари тузилади. Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун етмиш бешта ҳудудий бир мандатли сайлов округи тузилади.
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича бир мандатли сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳар беш йилда бир марта тузилади.
Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхати асосида Қонунчилик палатасига сайлов ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди ягона сайлов округи ҳисобланади.
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича бир мандатли сайлов округларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сайловчилар сони тенг ҳолда белгиланади.
Маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказиш учун сайлов округлари халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) кенгашларидаги депутатлик ўринларига тенг миқдорда тузилади.
Бир мандатли сайлов округидан Қонунчилик палатасига ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловда ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.
Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш бўйича бир мандатли сайлов округлари тегишли ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан, қоида тариқасида, сайловчилар сони тенг ҳолда ҳар беш йилда бир марта тузилади. Сайлов округларининг чегаралари вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши инобатга олинган ҳолда белгиланади.
Бир мандатли сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши, қоида тариқасида, ўн фоиздан ошмаслиги керак.
Бир мандатли сайлов округларининг рўйхатлари уларнинг чегаралари, сайловчилар сони ва сайлов комиссияларининг жойлашган ери кўрсатилган ҳолда сайловдан камида етмиш кун олдин тегишли сайлов комиссияси томонидан эълон қилинади.
ЎзА мухбири Н.Абдураимова ёзиб олди.