Сайловга тайёргарлик қизғин паллада
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси матбуот марказида оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар учун брифинг ўтказилди. Унда округ ҳудудида участка сайлов комиссияларини тузиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидландики, жорий йилнинг 24 октябрида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтадиган сайлов янгиланаётган мамлакатимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.
13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси томонидан бўлажак сайловни сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режасига мувофиқ тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-3874]
Округ сайлов комиссияси шу йилнинг 24 август санасида ўтказилган йиғилишида туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномаси асосида округ бўйича 1001 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Сайлов участкалари ҳақидаги маълумотлар тартиб рақами, жойлашган ери ва овоз бериш биноси, телефон рақамлари кўрсатилган ҳолда босма оммавий ахборот воситаларида ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.
Галдаги вазифа эса участка сайлов комиссияларининг таркибини шакллантиришдан иборат бўлди. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, сайлов жараёнининг юқори савияда ва белгиланган тартиблар доирасида ўтишида, шубҳасиз, участка сайлов комиссияларининг ўрни ва роли катта. Шу боис, мазкур комиссиялар таркибига катта ҳаётий тажрибага эга, салоҳиятли, билимли ва адолат билан иш кўрувчи шахсларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, мутахассис ва экспертлар томонидан участка сайлов комиссияси раиси, ўринбосари ва котиблигига номзодлар суҳбат ва тест синовларидан ўтказилди. Улар сайловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар, сайлов қонунчилиги, халқаро ва хорижий кузатувчилар билан ишлаш тартиблари юзасидан ўқув ва амалий семинарларда иштирок этиб, ўзларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлади.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига мувофиқ, округ сайлов комиссияси томонидан вилоят ҳудудида беш - ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда 1001 та участка сайлов комиссияси тузилди. Мазкур комиссиялар таркибига 14613 киши жалб этилди. Шуларнинг 5765 нафарини хотин-қизлар ташкил қилмоқда. Комиссия аъзоларининг 2328 нафари 30 ёшгача бўлган йигит-қизлардан иборат.
Комиссиялар аъзолари таркиби мутахассислиги бўйича таҳлил этилганда, педагоглар 7705, шифокорлар 971, иқтисодчилар 720, ҳуқуқшунослар 240, муҳандислар 665 нафар, журналистлар 30 нафар ва 4282 нафар бошқа касб эгалари эканлигини кўриш мумкин. Участка сайлов комиссиялари таркибида 855 нафар қорақалпоқ, қозоқ, рус, тожик, корейс, туркман ва бошқа миллатлар вакиллари фаолият олиб боради. Комиссия аъзоларининг 8599 нафари, ёки қарийб 59 фоизи аввалги сайловларда комиссиялар таркибида бўлган, яъни сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган фуқаролардир.
Қарор қабул қилиш жараёнида округ сайлов комиссиясида участка сайлов комиссияларининг сифат таркиби атрофлича муҳокама қилиниб, сайлов кампаниясининг навбатдаги муҳим босқичларида сайлов участкаларида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ўлмас Баротов, ЎзА