Сайловга пухта тайёргарлик кўрилмоқда
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Тошкент шаҳрида жойлашган Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги «Патруль пост хизмати бригадаси» шахсий таркиби билан ҳамкорликда «Сайлов ва Ёшлар» лойиҳаси доирасида «Менинг танловим – обод Ватаним» шиори остида сайлов Қонунчилигига оид профилактика тадбири бўлиб ўтди.
Маълумки, жорий йилнинг 27 октябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Унда 6,5 миллион нафар ёш иштирок этиб, шундан 506 825 нафарини биринчи маротаба сайловда қатнашадиганлар ташкил этади.

Тадбирда юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат олиб бораётган ходимлар иштирок этиб, мамлакатимиз сайлов Қонунчилиги юзасидан ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш имконига эга бўлди. Ҳарбий хизматчи ва ходимлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олди.

Гулноза Бобоева, ЎзА