Сайловда навоийлик нуронийлар ҳам фаол қатнашмоқда
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтмоқда.
Мазкур жараёнда барча ёшдаги юртдошларимиз фаол иштирок этмоқда. 5-Навоий сайлов округи Матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, вилоятда умумий сайловчилар сони 635 минг 793 нафарни ташкил этиб, уларнинг 31 минг 396 нафари 70 ёшдан ошган сайловчилардир.


Кармана тумани “Дўрман” маҳалласида яшовчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Пирназар бобо Турдиев 103 ёшни қарши олган. Бобо бугунги сайловда иштирок этиб, 96-сайлов участкасида ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди.
– Бугун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Бу кунларнинг қадрига етишимиз керак, – дейди Пирназар бобо. – Айниқса, ёшларимиз ўтаётган ҳар бир кунимиздан ўзларига керакли хулосалар чиқариши, яратиб берилаётган шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланишлари лозим. Бугун биз овоз бериб сайлаётган Президент, албатта, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилади, деб ишонамиз.


Ғозғон шаҳридаги мавжуд барча сайлов участкаларида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
103 ёшни қаршилаган Турсунқул бобо Эргашев ўз сиёсий иродасини ифода этган ҳолда фарзанд ва набиралари кўмагида 369-сайлов участкасига ташриф буюриб, ўзи муносиб деб билган номзод учун овоз берди.
– Бугун, нафақат фарзандларим, балки набираларим келажаги, эртанги куни учун ҳам овоз бердим. Мана сайловга келиб кўряпманки, аҳоли бефарқ эмас. Эрталабдан барчалари фаол қатнашяпти, – дейди Т.Эргашев.
А.Бўриев, ЎзА