Сайловда ҳар бир фуқаронинг овози муҳим
Тошкентдаги 837-сайлов участкасида овоз берувчилар сони 500 нафарга етди. Бу ҳақда сайлов участкаси раиси Шакар Тожиева маълум қилди. Айни пайтда сайлов участкасида сиёсий жараён қизғин паллага кирди. Бу ерда 1 минг 500 нафарга яқин фуқаро ўз фуқаролик бурчини амалга оширади.
ЎзА мухбирига интервью бериш чоғида Шакар Тожиева сайлов жараёнларига пухта тайёргарлик кўрилгани, сайловчилар учун барча шароитлар яратилганини айтиб ўтди.

– Биз сайловларни ўтказиш учун барча зарур чора-тадбирларни кўрдик. Сайловчилар учун қулайликлар яратилди. Бу жараёнда ҳар бир фуқаронинг овози муҳим, – деди Шакар Тожиева.

Сайлов жараёнида иштирок этиш учун келган фуқаролар орасида туманнинг “Боғзор“ маҳалласида яшовчи Нигора Зокирова ҳам бор. У сайлов жараёнлари ўзига хос тарзда, кўтаринки кайфиятда ўтаётганини таъкидлади.
– Бугун ҳар бир мамлакатимиз фуқароси ушбу сиёсий жараёнларда фаол қатнашяпти. Мен ҳам сайловда ўзим танлаган номзодга овоз бердим. Бу менинг фуқаролик бурчим, – деди Н.Зокирова.

Сайловларда фаол иштирок этиш фуқароларнинг демократик жараёнларга бўлган иштиёқини кўрсатади. Улар ўз овозлари билан мамлакатнинг келажагига таъсир ўтказа олишини ҳис қилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
Рустам Назарматов, ЎзА