Сайловда барча миллат вакиллари фаол иштирок этмоқда
Ўзбекистон кўп миллатли диёр. Бу ўлкада 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотувликда яшаб, меҳнат қилиб келяпти. Бугунги бўлиб ўтаётган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида барча миллат вакиллари фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, мазкур сиёсий жараёнда Навоий вилоятида рус миллатига мансуб 54 минг 323 нафар, қозоқ миллатига мансуб 24 минг 5 нафар, шунингдек, 4557 нафар тожик, 401 нафар туркман, 447 нафар қирғиз ва 20 минг 347 нафар бошқа миллат вакиллари қатнашмоқда.
– Юртимизда бошқа миллат вакиллари ўзбеклар билан тенг шароитда, яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланган ҳолда меҳнат қилмоқда, – дейди Сергей Шахов. – 1966 йилдан буён Навоий шаҳрида истиқомат қиламан. Ҳозирда нафақадаман. Гарчи ўзим рус миллатига мансуб бўлсамда, Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан, шу жаннатмонанд диёрда туғилиб вояга етганлигимдан фахрланаман. Бугун сайловда иштирок этиб, конституциявий бурчимни адо этдим.
[gallery-12682]
Вилоятдаги сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА