Навоий вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Шуҳрат Жўраев иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, жорий йилги сайловларда сайлов жараёнини бошқаришнинг автоматлашган тизимидаги сайловчиларнинг электрон рўйхатига 640 минг 182 нафар сайловчи киритилган. Уларнинг 10 минг 163 нафари муддатидан олдин овоз берди.
Сайловчиларнинг 203 минг 102 нафарини 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этса, 11 минг 781 нафари биринчи марта овоз бермоқда. 70 ёшдан юқори бўлган сайловчилар 31 минг 649 нафарни, ногиронлиги бўлган шахслар эса 15 минг 616 нафарни, шундан 5017 нафарини ҳаракатланишда ногиронлиги бўлган, 685 нафарини кўзи ожизлар, 685 нафарини эшитишда ногиронлиги бўлган шахслар, турган жойида овоз берувчилар эса 5988 нафарни ташкил этмоқда.
Бу йилги сайловлар янгиланган Конституция ва миллий сайлов қонунчилигига биноан, аралаш сайлов тизими асосида ўтказилмоқда.
“Менинг танловим – обод Ватаним!” шиори остида ўтаётган сайловларда мамлакатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партия ва улар томонидан кўрсатилган номзодлар рақобатга киришган.
Сиёсий партиялар томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди.
Сайлов куни вилоятимизнинг 18 та сайлов участкасида жараёнлар (онлайн) видео-трансляция қилинмоқда.
Айни пайтда Навоий вилоятидаги барча сайлов участкаларида овоз бериш жараёнлари давом этяпти. Фуқароларимиз Конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда овоз бермоқда.
Соат 11:00 ҳолатига кўра, сайловда қатнашганлар 31,83 фоизни ташкил этди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири