Сайловчилар партиялар дастурини ўрганмоқда
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Адолат ҳар бир инсон учун!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида “Адолат ҳар бир инсон учун!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши томонидан вилоят қозоқ миллий маданий маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, халқ депутатлари вилоят, туман кенгаши депутатлари, депутатликка номзодлар, қозоқ миллий маданий маркази масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тарихдан маълумки, ўзбек ва қозоқ халқи азалдан яқин қўшни сифатида тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб келган. Қардош бу икки халқнинг тарихи, тили, урф-одат, анъана ва қадриятлари бир-бирига жуда ўхшаш.
Вақт синовидан ўтган ушбу дўстлик ришталари сўнгги йилларда янада мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Қозоғистон Республикасида 2018 йил Ўзбекистон йили, деб, ўз навбатида 2019 йил мамлакатимизда Қозоғистон йили, деб эълон қилинди. Бу азалий икки қўшни, қардош халқларнинг бир-бирига бўлган ҳурмат-эҳтироми рамзидир.

Мамлакатимизда Қозоғистон йили доирасидаги тадбирлар санъат, фан, таълим ва тадбиркорлик соҳаси вакилларига ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш учун янги имкониятлар эшигини очиб берди. Ушбу саъй-ҳаракатилар ўзаро маданиятларимизни бойитиш, халқларимизни янада яқин бўлишига хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнга қизғин тайёргарлик кўриш ва унда сиёсий партияларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган анжуманда партия сайловолди дастурида илгари сурилаётган асосий ғоя ва мақсадлар, муҳим йўналишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, вилоятда истиқомат қилаётган қозоқ миллатига мансуб сайловчилар сайловда фаол иштирок этиш ва ўзлари лозим деб билган номзодга овоз беришга чақирилди.

Тадбирда партия дастуридан ўрин олган соғлиқни сақлаш тизимига “ақлли тиббиёт” тизимини жорий этиш, сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори-дармон воситаларининг олдини олиш, дорилар нархидаги тафовутни йўқотиш таклифи иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Анжуманда шунингдек, партия томонидан олий таълим муассасаларига қабул квоталарини бекор қилиш, шартнома бўйича ўқиш имконига эга бўлган ёшларни олий ўқув муассасаларига кириш имтиҳонларисиз қабул қилиш, суд тизимини янада такомиллаштириш, соҳада очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат ва бандлик, даромадларнинг адолатли тақсимланиши, ижтимоий хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси каби мақсадларни амалга оширишга эътибор қаратилаётгани алоҳида қайд этилди.