Сайловчилар мурожаатлари – депутат назоратида
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашига 25-“Навоий” сайлов округидан сайланган депутат Эркин Холматов Зомин туманидаги “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғинида сайловчилар билан учрашди. Унда “Ёшлик” ва “Пешағор” МФЙ еттилиги ҳамда фаоллари, оқсоқоллар, тегишли ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.
Сайловчиларнинг ҳудуддаги ичимлик суви, суюлтирилган газ, электр энергияси, ички йўлларни таъмирлаш, мактаб ўқувчилари учун пиёдалар йўлакчаси қуриш каби ўндан ортиқ мурожаати тингланди ва мутасаддилар иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.
[gallery-20858]
Аҳамиятли томони, сайловчилар мурожаатларига мутасаддилар билан биргаликда зудлик билан ижобий ечим топишга киришилди. Хусусан, “Пешағор” МФЙ Сойчи кўчаси аҳолиси учун суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилган бўлса, мазкур кўчада истиқомат қилувчи 50 га яқин хонадон учун ичимлик суви тармоғини тортиш масаласи ҳам ижобий ҳал қилинди.
Сайловчиларнинг бошқа мурожаатлари ҳам депутат назоратига олинди.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА