Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси Назир Сабиров Бухоро вилояти Қоракўл туманида ўз сайловчилари билан учрашди.
“Янги-қала” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла раиси Ганчи Хўжайқулов, ҳоким ёрдамчиси Улуғбек Ҳасанов, 49- умумий ўрта таълим мактаби директори Анамсултон Ҳотамова билан ўтказилган суҳбат жараёнида ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, кам таъминланган фуқароларга ажратилган кредитлар ҳамда уларнинг сўндирилиши, маҳаллада ташкил этилган “Темир”, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарларига рўйхатга олиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ҳоким ёрдамчисига яратилган шароит, унинг фаолияти, иш билан банд бўлмаган ёшларга субсидия ажратилиши, уюшмаган ёшларни ўзини-ўзи банд қилиши учун ер ажратиш ва бошқа ўз ечимини кутаётган муаммолар ўрганилди.
Маҳалла ҳудудидаги 1 минг 254 та хўжаликда 6 минг 260 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги электр энергияси тизими ва симёғоч устунлари маънавий жиҳатдан эскирганлиги сабабли халқ тили билан айтганда “свет” тез-тез ўчади. Боз устига, маҳалла ҳудудида ток кучланиши ниҳоятда паст эканлиги қайд этилди. Бундан ташқари, маҳаллада 165 нафар мактабгача таълим ёшидаги болалар бўлса-да, шу пайтгача ушбу ҳудудда бирорта мактабгача таълим муассасаси ташкил этилмаган.
Депутат ўрганишлар натижаларини танқидий таҳлил қилди. “Инсон қадри учун” ғоясини амалга ошириш, ислоҳотлар натижалари ҳар бир оилада, ҳар бир инсон ҳаётида сезилиши учун “маҳаллабай” ишлашнинг янги тизимини самарали амалга оширишдаги ўзаро ҳамкорлик механизмларини мустаҳкамлаш бўйича секторлар кесимида аниқ вазифалар, муддат ва масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олинди. Маҳаллани ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий муҳитни янада яхшилаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Зариф Комилов, ЎзА