Сайлов юксак савияда ўтади
Сурхондарё вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг матбуот марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловига кўрилаётган тайёргарлик ишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Марказий оммавий ахборот воситалари вакиллари ва маҳаллий журналистлар иштирок этган тадбирда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Зебунисо Алимардонова жорий йилнинг 27 октябрь куни парламент ва маҳаллий кенгашлар сайловларига кўрилаётган ҳозирлик ҳамда муҳим сиёсий кампанияни юксак савияда ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.


– “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтказиладиган сайловни юқори савияда ташкил этиш учун вилоятда ҳудудий сайлов комиссияси тузилиб, ўзининг календарь иш режасини белгилаб олди, – деди Зебунисо Алимарданова. – Шунга мувофиқ қонунчиликда белгиланган муддатларда 257 нафар аъзодан иборат 15 та туман, шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича 50 та округ сайлов комиссияси, 865 та участка сайлов комиссияси ташкил этилди. Туман, шаҳар сайлов комиссияларида 478, участка сайлов комиссияларида 9 минг 451 аъзо фаолият юритмоқда. Шунингдек, вилоятда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи олтита бир мандатли сайлов округи тузилди.


Анжуманда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими “E-Saylov”нинг ўрни, сайлов комиссиялари аъзоларининг миллий сайлов қонунчилиги ва амалиёти ҳамда халқаро сайловга оид стандартлар бўйича билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан олиб борилган ишлар, муддатидан олдин овоз бериш жараёнларининг тартиб-таомиллари каби масалаларда ҳам фикр алмашилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Анжуман доирасида Термиз давлат университетида ташкил этилган 251-сайлов участкасига пресс-тур уюштирилди. Барча шароитларга эга сайлов участкасида комиссия раиси Норқувват Янгибоев журналистларга муҳим сиёсий кампанияга кўрилаётган тайёргарлик ишлари тўғрисида сўзлаб берди. Иштирокчилар комиссия аъзолари билан суҳбатлашиб, бой таассуротларга эга бўлди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири