Сайлов тизимига бағишланди
Андижонда “Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти” мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Семинарда “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси биринчи ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, партиянинг вилоят Кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов мамлакатимиз сайлов қонунчилиги йиллар давоми такомиллашиб бораётганлиги, сайловлар жараёнида сиёсий партияларнинг иштироки ҳам фаоллашаётганини таъкидлади.
Жорий йилда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Эътиборли жиҳати жорий йилги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлови янги конституцияда белгиланган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳит - аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилади. Мазкур жараён айниқса, сиёсий партиялар етакчилари ва фаолларидан алоҳида фаолликни талаб этади.
Партиянинг вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари раҳбарлари, масъул ходимлари, фаоллари иштирокидаги ўқув семинарида янгича сайлов жараёнлари, мажоритар ва пропорционал тизим мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўқув семинарда мутахассисларнинг “Аралаш сайлов тизими: мазмун-моҳияти, ўзига хос жиҳатлари, хорижий тажриба таҳлили ва ушбу тизимда сиёсий партиялар эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатлар”, “Ҳудудий партия ташкилотлари раисларининг сайлов жараёнларига олдиндан тайёрлаш: сайлов кампанияси турли босқичларида партия ташкилотларининг вазифалари” мавзуларидаги маърузалари тингланди.
[gallery-18584]
Иштирокчилар томонидан маърузалар, сайлов жараёнлари, мазкур жараёнда партиянинг иштироки борасидаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Мулоқот ҳамда савол-жавоблар асосида ўтган ўқув семинари иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга эксперт ва мутасаддилардан батафсил жавоблар олди. Ўқув семинари партия вакилларининг сайлов жараёнларига оид билим ва малакаларини бойитишга ёрдам берди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари