Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси матбуот марказида маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
Унда 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси раиси Исоқ Аҳмедов жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига дастлабки тайёргарликнинг бориши ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча ишлар Сайлов кодексига қатъий амал қилинган ҳолда, календарь режасига мувофиқ тизимли равишда амалга оширилмоқда. 9 август куни 13-Қашқадарё сайлов округи тузилди. Шундан сўнг халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар таркиби шакллантирилиб, Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилди. 14 август куни видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган навбатдаги кенгайтирилган мажлисда эса округ сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди.
Комиссия таркиби раис, раис ўринбосари, котиб ва комиссиянинг ўн саккиз нафар аъзосидан иборат. Округ сайлов комиссияси таркибига фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг обрўли вакиллари, ёшлар ташкилотлари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, адлия ва давлат хизматлари агентлиги мутасаддилари ва бошқалар жалб қилинган. Бу йилги Президент сайлови биринчи марта Сайлов кодекси асосида, янгича шароитда, демократик тамойилларга тўла амал қилинган ҳолда ўтишини сайлов комиссиясининг ҳар бир аъзоси чуқур ҳис этади.
Округ сайлов комиссияси ўз иш режасини, вазифалар тақсимотини ишлаб чиқиб, фаолиятини шулар асосида амалга оширмоқда. Комиссия ҳузурида матбуот маркази ташкил қилинган ва у сайлов жараёнининг барча иштирокчиларига, кенг жамоатчиликка, маҳаллий, марказий ва хорижий ОАВ вакилларига тезкор ахборот етказилишини таъминлайди. Матбуот марказида ахборотларни ўзбек, рус ҳамда инглиз тилида тарқатиш йўлга қўйилган.
Округ сайлов комиссияси томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар иштирокида айни вақтгача бир неча амалий семинарлар ташкил қилинди.
24 август куни комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда ҳудудда сайлов участкаларини тузиш масаласи муҳокама этилди. Мажлисда туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномаси асосида округ бўйича 1001 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Сайлов участкалари ҳақидаги маълумотлар тартиб рақами, жойлашган ери ва овоз бериш биноси, телефон рақамлари кўрсатилган ҳолда шаҳар ва туманлар газеталарида эълон қилинмоқда.
Маълумки, Сайлов кодексига мувофиқ, қамоқда сақлаш жойларида ушлаб турилган ҳамда қамоққа олинган, шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади. Шунга кўра, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида ҳам 2 та сайлов участкаси тузилди.
Календар режасига мувофиқ, жорий йилнинг 14 сентябрига қадар участка сайлов комиссиялари тузилади ва уларга сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Брифингда жорий йилги сайлов пандемия шароитида ўтиши боис Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилгани қайд этилиб, унда белгиланган қоидалар бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА