Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилди
Пойтахтимиздаги Сергели тиббиёт коллежида Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш масалаларига бағишланган тадбир ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари, тумандаги маҳаллалар фаоллари, ёшлар иштирок этишди.
Мустақиллик йилларида миллий сайлов қонунчилигимиз изчил тадрижий шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтди. Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари эркинлаштирилиши ва модернизация қилиниши натижасида демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизими ва сайлов қонунчилиги яратилди.

Сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро нормалари ва принципларига мос равишда фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши кафолатларини, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди. Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу жиҳатлар хусусида алоҳида тўхталди.
– Сайловлар жамият фаравонлиги, мамлакат тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ сиёсий тадбир экани боис фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида бораётган ҳар бир давлатда сайлов қонунчилигига алоҳида эътибор қаратилади, – дейди Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Собир Турсунов. – Шу маънода айтганда, у мунтазам равишда замон билан ҳамнафас тарзда янгилаб боришни талаб этади. Шундан бўлса керак, дунёнинг бирор бир мамлакатида идеал сайлов қонунчилиги ва сайлов тизими мавжуд эмас. Ҳар бир мамлакат доимий равишда сайлов қонунчилигини такомиллаштириб боради. Жумладан, бу борадаги ислоҳотлар ҳам Ўзбекистонда изчил амалга оширилиб келинмоқда.

Сайлов тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилишга хизмат қиладиган ҳуқуқий асос – “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти хусусида кенг тушунча берилди. Хусусан, сайлов қонунчилиги янада такомиллаштириш йўлидаги навбатдаги қадам экани, мазкур қонун долзарб мазмун-моҳият ва улкан ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда сиёсий аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий вакиллик органларига сайловларни декабрь ойидан октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчирилгани, энг аввало, қишнинг қировли кунларда сайлов участкаларида фаолият олиб борадиган ходимлар, айниқса, хотин-қизларнинг, шунингдек, конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиш учун сайлов участкаларига ташриф буюрадиган аёллар, кексаларнинг саломатлигини сақлаш, фуқароларнинг сайловлардаги иштироки камайиб кетиши каби салбий ҳолатларнинг олди олиниб, сайловчилар ва кузатувчилар учун қулай шароит вужудга келтириши тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилди.