Сайлов партиялар учун имкониятдир
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга жорий йилнинг 27 октябрида ўтадиган сайловларда юқори фаоллик кўрсатишни кўзлаган. Шу мақсадда партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаш бўйича имзо йиғиш жараёнини бошлаб юборган.
– Имзо йиғиш Бухоро вилоятининг барча ҳудудлари, 700 дан зиёд бошланғич партия ташкилотида, шунингдек, иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойларида ташкиллаштирилмоқда, –дейди Ўзбекистон ХДП Бухоро вилояти кенгаши раиси Зулфия Туева. –Партия штабларида иш қизғин. Ҳар қандай сайлов партиянинг сиёсий майдонда қандай кучга эга эканини намоён этувчи асосий мезон ҳисобланади.
Ҳар бир сайлов партиялар учун катта имкониятдир. Маълумки, ҳар бир партиянинг ўз электорати бор, умумий маънода партия ўз электоратининг манфаатларини ифодалайди. Яъни партия фуқароларнинг сиёсий иродасини рўёбга чиқарадиган институтдир.
[gallery-18624]
Куни кеча Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловда қатнашишини қўллаб-қувватлаш бўйича имзо йиғиш тадбири Бухоро давлат педагогика ва тиббиёт институтларида ташкиллаштирилди. Ўзбекистон ХДП Бухоро вилояти кенгаши ходимлари фуқаролар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориб, уларни қизиқтирган саволларига жавоб берди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари