Сайлов мамлакат келажагини белгилайди
Ўзбек ва корейс халқларининг бағрикенглик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби азалий қадриятлари, маданияти ва менталитети бир-бирига жуда ўхшаш.
Ўзбек ва корейс халқларининг бағрикенглик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби азалий қадриятлари, маданияти ва менталитети бир-бирига жуда ўхшаш.
Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 180 мингдан зиёд корейс миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилади. Уларнинг 300 нафарга яқини давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган.
Маълумки, 1937 йилда Узоқ Шарқдан 10 минглаб корейслар мамлакатимизга кўчирилган. Ўша пайтдаги қийинчиликларга қарамай, ўзбек халқи уларни очиқ қалб билан қабул қилган, уларга бошпана бериб, меҳр кўрсатган. Ўзининг меҳнатсеварлиги ва қатъий иродаси, халқларимизнинг менталитети ўхшашлиги туфайли корейслар айни пайтда Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаросига, жамиятимизнинг фаол аъзосига айланди.

Мамлакатимизда барча миллат ва элат вакиллари қатори корейс юртдошларимиз учун ҳам ўз миллий маданияти, тили, урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаши учун зарур шароит яратилган. Жумладан, ўнлаб корейс маданият марказлари фаолият юритмоқда. 12 та олий таълим муассасаси, 48 та мактаб ва лицейда корейс филологияси ўқитилмоқда.
Мамлакатимизда кечаётган муҳим сиёсий жараёнда бошқа миллат вакиллари каби корейс миллатига мансуб аҳоли ҳам фаол иштирок этмоқда.
Бу ҳақда “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши масъуллари, депутатликка номзодларнинг Юқори Чирчиқ туманидаги корейс миллатига мансуб сайловчилар билан учрашувида алоҳида сўз борди.
Туман корейс миллий маданий маркази ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, сайлов ёшидаги корейс миллатига мансуб юртдошларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Учрашувда иштирокчиларга партия сайловолди дастури, унда илгари сурилаётган асосий ғоя ва мақсадлар, муҳим йўналишлар ҳақида маълумот берилди. Партиянинг суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш тизимига “ақлли тиббиёт” жорий этиш, шунингдек, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини бекор қилиш каби мақсад ва йўналишларни ўзида жамлаган янги сайловолди дастури иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Партия фаоллари сайловолди дастури бўйича иштирокчиларнинг саволларига жавоб берар экан, туманда истиқомат қилувчи корейс миллатига мансуб барча аҳолини сайловларда фаол иштирок этишга чақирди.
– Юртимизда бойликлар кўп, лекин энг катта бойлигимиз жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликдир, –дейди туман корейс миллий маданий маркази раҳбари Владимир Дё. – 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилаётган Ўзбекистон асрлар мобайнида турли маданиятлар, анъана ва диний эътиқодлар учрашган табаррук замин бўлиб келган. Ушбу гўзал заминда яшаётганимизнинг ўзи катта бахт. Бўлажак сайловлар мамлакатимизни янада тараққий эттиришда муҳим аҳамиятга эга. Чунки биргина овоз ҳам депутат ким бўлишига, депутатнинг ким ва қандай экани эса келажагимизга дахлдор. Шунинг учун ҳам сайловларда барча фаол иштирок этиши керак. Бу борада албатта, биз ҳам фаол иштирок этамиз ва ўзимиз лозим топган номзодга овоз берамиз.
Тадбир доирасида ўзбек ва корейс миллий куй-қўшиқлари янграган концерт дастури намойиш этилди. Учрашув сўнгида иштирокчиларга партиянинг эсдалик совғалари тақдим этилди.