Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан муҳим сиёсий жараёнга кўрилаётган тайёргарлик, айни кунларда амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидландики, бўлажак сайлов янгиланаётган мамлакатимиз тараққиётида муҳим аҳамият касб этади, бошқача айтганда Ўзбекистоннинг кейинги беш йиллик тақдирини белгилаб беради. Шу боис 13-Қашқадарё округ сайлов комиссияси томонидан сайловни сиёсий-ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан юқори савияда ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режасига мувофиқ тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига Қашқадарё вилоятидан 2 миллион 8 минг нафардан ортиқ фуқаро киритилган бўлиб, улардан 70 минг 20 нафарини овоз беришда илк бор иштирок этадиган ёшлар ташкил қилмоқда. Айни кунларда участка сайлов комиссиялари аъзолари сайловчиларнинг дастлабки рўйхатини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан аниқлаштириш чораларини кўрмоқда. Комиссиялар аъзоларига бу ишда жамоатчилик вакиллари, ёш волонтёрлар яқиндан ёрдам бераётир. Улар сайловчилар рўйхатини аниқлаштириш баробарида овоз беришда илк бор қатнашадиган ёшларга миллий сайлов қонунчилиги мазмун-моҳиятини ва овоз бериш тартибини ҳам тушунтирмоқда. Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари сайловчиларнинг рўйхатларини аниқлаштириш ишларига яқиндан кўмаклашмоқда.
Мавжуд сайлов участкаларида яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар мавжуд, сайлов бюллетенларини бериш ва кузатувчилар учун алоҳида жойлар ажратилган, сайлов қутилари ўрнатилган. Сайлов қутилари овоз берувчилар уларнинг ёнига албатта яширин овоз бериш кабиналари орқали ўтиб келадиган қилиб ўрнатилишига алоҳида эътибор қаратилган. Биноларни белгиланган тартибда жиҳозлаш ва уларда зарур тартибни сақлаш чоралари кўрилмоқда.
Сайлов участкалари сайлов санасига бағишланган плакатлар, сайлов участкасининг харитаси, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли маълумотлар жойлаштириладиган махсус стенд, зарур мебель, офис техника воситалари (телефон, принтер, Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланган ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимига кириш имкониятига эга бўлган компьютерлар, сейф, канселярия товарлари), ёнғинга қарши воситалар билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги Низом»га кўра, сиёсий партияларнинг ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчиларига мандат бериш бўйича аризалар қабул қилинмоқда. Бу йилги сайловда уларнинг сони 11 минг нафардан ортиқ бўлиши кутиляпти.
Матбуот анжуманида Марказий сайлов комиссияси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли, матни ва тавсифини тасдиқлаш тўғрисида» қарор қабул қилингани, сайлов бюллетенини тўғри тўлдириш қоидалари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА