Мамлакатимизда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини юқори савияда ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Марказий сайлов комиссиясининг 2024 йил 29 май куни қабул қилган қарорига мувофиқ, мамлакатимиз тарихида биринчи марта вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари тузилди. Хусусан, Тошкент вилоятида ҳам тузилган ҳудудий сайлов комиссияси шу кунларда муҳим сиёсий кампанияга тайёргарлик ишлари уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Тошкент вилояти ҳудудий сайлов комиссияси раиси Улуғбек Тўхтаевдан мазкур жараёнлар ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.
Бу сиёсий тадбирлар барчамиз учун муҳимдир. Белгиланган тартибга кўра, Тошкент вилоятининг маъмурий марказида барча қулай шароитларга эга бўлган бино танлаб олинди ва унда Марказий сайлов комиссияси томонидан берилган намуна асосида сайлов стендлари билан жиҳозланди.
Эътиборлиси, “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида бўладиган сиёсий кампанияни ҳудудда миллий сайлов қонунчилигимиз доирасида очиқ, ошкора ташкил этиш учун вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг биринчи ташкилий мажлисида комиссия иш режаси, иш тартиби, вазифалар тақсимоти, номенклатура, 21 нафар комиссия аъзоларини (шундан 10 нафари аёллардир) ҳудудларга бириктириш ва навбатчилик бўйича қарорлар қабул қилинди.
Шу кунгача улар иштирокидаги йиғилишларда тегишли қарорлар қабул қилинмоқда. Масалан, сиёсий партияларнинг ваколатли вакилларига тегишли мандат берилди. Матбуот маркази ҳам ташкил этилиб, 4 нафардан иборат мутахассислар жалб қилинди.
Ҳозиргача туман-шаҳар сайлов комиссиялари Ҳудудий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланди. Бугунги кунда Календар режа асосида фаолият олиб бормоқда. Жойларда депутатлик ўринлари жами 530 та бўлиб, Оҳангарон шаҳарда 15 та, Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларида 20 та, қолган туман шаҳарларда 25 тадан белгиланган.
Шу билан бирга, вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та сайлов округи тузилди. Уларга 562 нафар округ сайлов комиссияси аъзолари тасдиқланди. Туман-шаҳар ҳокимларидан сайлов участкаларини тузиш бўйича тақдимномалар кўриб чиқилди. Умумий олганда Тошкент вилояти бўйича 1 минг 5 та сайлов участкаси тузилди ва шулардан 35 таси махсус сайлов участкаларидир.
Сайлов участкаларнинг 609 таси мактабларда, 45 таси касб-ҳунар мактаблари ва техникумларда, 105 таси маҳалла биноларида, 55 таси тиббиёт, санаторий ва дам олиш масканларида, 65 таси давлатга қарашли корхона ва ташкилотларда, 54 таси маданият ва спорт марказларида, 32 таси ҳарбий қисм ва озодликдан маҳрум этиш муассасаларида, 10 таси олий ўқув юртлари ва 8 таси Адлия бўлими биноларида жойлашади.
Шу кунларда эса ҳудудий тренерлар томонидан ташкил этилган ўқув-амалиёт семинарларида участка сайлов комиссияларининг раислари, раис ўринбосарлари ҳамда котиблари ўқитиляпти. Асосий мақсад уларнинг сайлов тизимидаги янгиликлардан хабардор этиш ҳамда сайлов жараёнларини юқори савияда ташкил этиш учун билим ва кўникмаларини янада оширишдир.
А.Мусаев,ЎзА.