Сайҳунободлик аёллар махсус дафтарлардан чиқарилмоқда
Сирдарё вилояти “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сайҳунобод туман бўлими қошида очилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан жорий йилнинг шу кунига қадар соғлигида муаммоси бор, даволанишга муҳтож бўлган, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га кирган 108 нафар аёлга 121 миллион 416 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди.
Бунинг натижасида улар ўз соғлигини тиклаб, оилалари бағрига қайтган бўлса, 98 нафар хотин-қиз учун республикамизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилиб, маҳаллий туризм учун 97 миллион сўм маблағ ажратилди. 46 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун 60 миллион 621 минг сўм маблағ йўналтирилди.
– Бундай оилалар сони афсуски, туманимизда кўп, – дейди фонднинг туман бўлими бошлиғи Комилжон Ниёзов. – Шундан келиб чиқиб, аҳолини кам таъминланган, эҳтиёжманд қатлами муаммолари ўрганилиб, рўйхати шакллантирилмоқда. Ёрдам кўрсатилиши лозим бўлган оилаларга фонднинг “Саховат ва кўмак” жамғармаси ва бошқа жамғарма ҳамда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатилмоқда. Фонднинг “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан тумандаги 262 нафар аёлга 289 миллион 760 минг сўмлик ёрдам кўрсатилди. Бу жуда кўп маблағ эмас, муҳими, улар эътибордан четда эмас.

Фонднинг Сайҳунобод туман бўлими томонидан бошқа хайрли ишларга ҳам қўл урилиб, аҳолининг кам таъминланган, ишсиз қатламига ёрдам кўрсатилибгина қолмай, ўз-ўзини банд қилиш истагида бўлганларга тикув машиналари, парранда ва чорва молларини боқиш истагида бўлганларга парранда, чорва моллари олиб берилмоқда.
Фонднинг бу сайи-ҳаракатлари ўз самарасини бермоқда. Улар ёрдами билан кимдир ишли, кимдир ҳунарли бўлиб “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” каби рўйхатлардан чиқмоқда.

Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов(сурат), ЎзА