Саховатпеша инсонларга катта раҳмат (+ видео)
Ўтган йили “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлимлари, туман, шаҳар бўлинмалари ҳузурида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бор ва сурункали касаллиги мавжуд ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни моддий қўллаб-қувватлаб, уларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда.
Коронавирус пандемияси дунёга чанг солган бир пайтда фаолият бошлаган жамғарма ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда халқ манфаатини таъминлаш, одамларнинг турмуш даражасини юксалтириш йўлида олиб борилаётган эзгу ишлар кўлами янада кенгайиб бораётганини кенг намоён этди. Эҳтиёжманд оилалар, кўмакка муҳтож оналар ва уларнинг касалликдан фориғ бўлган фарзандларига кутилмаган қувончлар улашди.
Жамғарма ташкил этилганидан буён биргина Сурхондарё вилоятида кўплаб эҳтиёжманд фуқарога ёрдам кўрсатилиб, улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида жамғарма ҳисоб рақамига 36 миллиард 220 миллион сўмдан ортиқ маблағ тушди. Халқ депутатлари вилоят кенгаши сессияларининг қарори билан мазкур маблағнинг 2 миллиард 449 миллион 219 минг сўми меҳнатга лаёқатли ишсиз эҳтиёжманд оилаларнинг 1 минг 813 аъзоси бандлигини таъминлаш учун йўналтирилди. 5 миллиард 571 миллион 79 минг сўми моддий ёрдам сўраб мурожаат этган 2 минг 901 кишига берилди. 866 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқарога 337 миллион 521 минг сўм маблағ сарфланди. 759 нафар ногиронлиги мавжуд ва сурункали даволанишга муҳтож кишиларга 1 миллиард 840 миллион 61 минг сўм маблағ йўналтирилди.
Масалан, Сариосиё туманида тўрт фарзандни тарбиялаётган ёлғиз она Фазилат Назарованинг иккинчи фарзанди туғма юрак нуқсони билан туғилган. У 4 ёшли фарзандини даволашда амалий ёрдам сўраб, вилоят ҳокими Тўра Боболовга мурожаат этди. Унинг яшаш шароити ўрганилиб, жарроҳлик амалиёти учун зарур ёрдам кўрсатилди. Пойтахтдаги шифохонага 22 миллион сўм ўтказиб берилди.
– Мен ёлғиз аёлман, – ¬дейди Ф.Назарова.¬ – Тўрт нафар фарзандим бор. Тақдир тақозоси билан турмушимдан ажрашганмиз. Иккинчи фарзандим Фарзона туғма юрак нуқсони билан туғилган. 2016 йил туғилган бўлса, 2019 йилда туғма юрак нуқсони борлигини билдик. Мен вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдим. Сизга ёрдам берамиз дейишди. Апрель ойида мурожаат этган бўлсам, 24 май куни менга хабар келди. Тошкент шаҳрига бориб, операция қилдириб келишингиз мумкин. 22 миллион сўм миқдоридаги пул тушди, деди. Кейин мен қизимни олиб бордим. 1 ой 8 кун даволашди. Ўша шифохонада ётиб даволандик. Чунки, жигар серрози ҳам бор эди. Жигар серрозини 2018 йил Москвага олиб бориб, даволатиб келган эдим. Ёлғиз аёллигим учун операциясига имкониятим етмади. Ҳозир қизим худога шукр беш ёшда. Яхши. Олдингига қараганда чарчоғи йўқ. Яхши ҳар тарафлама соғлом, ўзи юра олади. Ўзи юролмас эди. Озроқ юрса чарчаб қолар эди. Ухлолмас эди. Юраги қисар эди.
Мен саховатпеша инсонларга, мутасадди раҳбарларга она сифатида ўз миннатдорлигимни билдираман. Ҳаммага катта раҳмат.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/SFE4zcqjevs" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,ЎзА