Саховат ва меҳр-мурувват тантанаси
Халқимизда саховат ва меҳр-мурувват каби туйғулар азалдан шаклланган. Бундай қадриятларимиз, маънавий меросимиз асрлар оша давом этиб келмоқда.
Гулистон шаҳрининг “Сайқал” маҳалласида яшовчи Зулфия Абдуалиева ана шундай саховатпеша инсонлардан. У эллик беш ёшга тўлиш арафасида анчадан буён кўнглига тугиб қўйган ниятини амалга оширди. Зулфия опа маҳалладаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фаррзандларига суннат тўйи ўтказиб берди.



Хайрия тўйда Гулистон шаҳар ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизлар бўлими масъуллари, болаларнинг яқинлари иштирок этди.
– Бизнинг “Сайқал” маҳалламизда бир ярим мингдан зиёд оила таркибида 6 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Сайқал” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Назира Ҳайитова. – Эҳтиёжмандларга кўмак беришдек эзгу ва хайрли ишлар ўтказилиши анъанага айланган. Маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигида ўтказилган тўй тадбири ҳам ана шундай хайрли ишлардан бири бўлди. Тўй тантанасида болаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар иштирок этади. Тантана очилишида сўз олганлар мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.


Болажонларнинг суннат тўйлари тўкин дастурхон, ўзига хос, миллий анъаналаримиз асосида ўтказилганлиги болалар, уларнинг ота-оналарига қувонч бағишлади.
– Фарзандим Ансарнинг суннат тўйи ўтказиб берилганидан беҳад мамнунман, – дейди шу маҳаллада яшовчи Луиза Ҳасанова. – Зулфия опа Абдуалиева ҳомийлигида фарзандим қатори яна ўн беш нафар боланинг тўйи бекам-у кўст ўтказилганидан миннатдорман. Эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА.