Савдода гендер тенглигининг аҳамияти
Мамлакатимизда опа-сингилларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга, алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошкент вилояти божхона бошқармасида ўтган “Гендер муаммоларини инобатга олган ҳолда халқаро савдо-сотиқ тартиботларини соддалаштириш” мавзусидаги тренинг сўзимиз исботи. Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад Марказий Осиёда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнес имкониятларини кенгайтириш ва трансчегаравий электрон тижорат орқали ички ва халқаро миқёсда савдони ривожлантиришдан иборатдир.
Тадбирда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси координатори Нигора Жамолова, Давлат божхона қўмитаси Божхона институти Ўзбек ва хорижий тиллар кафедраси катта ўқитувчиси, божхона хизмати подполковниги Нилуфар Аҳмедова “Марказий Осиё савдога тайёр” (Ready4Trade CA) лойиҳасининг миллий маслаҳатчиси Акмал Азимов ҳамда ДБҚ хотин-қизлар кенгаши раиси Умида Пирмуҳаммедова иштирок этди.
Бугунги кунда Тошкент вилояти божхона бошқармасида хизмат қилаётган ходимларнинг 89 нафарини (12,6%) аёл ходимлар ташкил этади.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аёл ходимлар томонидан жами 27 та божхона қоидалари бузилиши ҳолатлари аниқланиб, умумий қиймати 544 млн. сўмдан зиёд бўлган товар-моддий бойликларининг Республикамиз чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилиши олди олинган. Шунингдек, 349 та ҳолатда божхона кирим ордерлари асосида 299 млн. 267 минг сўмлик божхона тўловлари ундирилган.
Семинар давомида маърузачилар томонидан аёл ходимларга мазкур лойиҳанинг мазмун-моҳияти, гендер тенглик нима эканлиги ва жамият учун қанчалик муҳимлиги, гендер омилларининг савдо билан боғлиқлиги, трансчегаравий савдода аёллар дуч келадиган муаммолар, аёлларнинг савдодаги иштирокини қўллаб-қувватлаш учун савдони соддалаштириш жараёнлари бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Қолаверса, тренинглар давомида савдода аёлларнинг иштироки муҳим макроиқтисодий фойда келтириши, савдо билан шуғулланадиган аёлларга тадбиркорликни юритишда ёрдам берадиган тегишли чоралар кўрилса, савдо гендер тенглигини таъминлашда кучли катализатор бўлиши мумкинлиги таъкидланди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА