Ҳуқуқий муносабат
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 164-моддасига кўра, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, 3 миллион 300 минг сўм миқдорида жаримага сабаб бўлади. Агар қоидабузар мансабдор шахс бўлсачи? Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Жавоҳир Эшонқулов бу борада батафсил маълумот берди.
– Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун мансабдор шахсларга йигирма баравар, 6 миллион 600 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бу қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари”да белгиланган, – дейди Ж.Эшонқулов. – Мисол тариқасида “Сотувчиларга, савдо объектларига ва товарларга қўйиладиган асосий талаблар” ҳақида қуйидагиларни кўришимиз мумкин. Хусусан, сотувчи ўз фаолияти ихтисоси ва ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда давлат стандартларида, санитария, ветеринария қоидаларида, ёнғинга қарши қоидаларда ва бошқа норматив ҳужжатларда (кейинги ўринларда матнда “стандартлар” деб юритилади) белгиланган мажбурий талабларга риоя қилиши шарт.

Барча ўлчаш воситалари давлат метрология хизматининг метрология текширувидан ўтганлигини тасдиқловчи сертификатга (ёки гувоҳномага) эга бўлиши керак.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари сотиш жойларида уларни 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотишга йўл қўйилмаслиги, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув жойлаштирилган бўлиши керак.
Сотувчи томонидан харидорга касса ёки товар чеки ёхуд товарнинг ҳақи тўланганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат берилган пайтдан бошлаб, агар сотувчи билан харидор ўртасида қонунда ёки шартномада ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, чакана олди-сотди шартномаси зарур шаклда тузилган деб ҳисобланади. Чакана савдони назорат-касса машинасини қўлламасдан амалга ошираётган сотувчи – якка тартибдаги тадбиркор харидорга сотиб олинган товар билан биргаликда сотувчининг фамилияси ва имзоси, якка тартибдаги тадбиркорнинг (юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжалигининг) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг тартиб рақами, товар сотилган сана ва унинг қиймати кўрсатилган ҳолда квитанция ёки шунга ўхшаш ҳужжатни бериши шарт.
Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 12 октябрдаги 399-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига маиший хизмат кўрсатиш қоидалари”да эса маиший хизмат кўрсатиш қоидалари белгилаб қўйилган.
Агарда, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари жуда кўп миқдордаги қийматда бузиладиган бўлса, бу ерда жавобгарлик маъмурий жавобгарликдан жиноий жавобгарликка ўзгаради.
Жиноят кодексининг 189-моддасига кўра, Товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдор (БҲМнинг 500 баравари,165 млн. сўмдан юқори)дан юқоридаги қийматда бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.
Бундан ташқари қонунчилигимиз фақат жавобгарликни эмас, балки бир қанча енгилликларни ҳам назарда тутган. Яъни Жиноят кодексининг 189-моддасига кўра, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари бузилишининг оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилиши белгиланган.
Гулноза Бобоева, ЎзА