Савдо-иқтисодий алоқалар ривожланади
Қозоғистон Республикаси Манғистау вилояти Ақтау шаҳрида “Made in Uzbekistan. Industrial potential of Karakalpakstan” номли кўргазма-ярмарка иш бошлади.
Мазкур ярмаркада дастлаб делегация раҳбарлари, масъуллар ва тадбиркорлар иштирокида учрашув ўтказилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқди. У бу каби тадбирлар мамлакатларимиздаги оқилона сиёсат ва тарихий асосга эга ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилиши натижаси эканлигини таъкидлади.

Ярмаркада Қорақалпоғистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга, шунингдек, Оролбўйи билан савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш ҳақида сўз борди. Ярмаркада Қорақалпоғистондан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича янги келишувлар билан шартномаларни тузишга тайёр 150 га яқин йирик бизнес вакиллари ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Албатта, ташкил этилган мазкур кўргазма-ярмарка икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўз бизнесини янада ривожлантиришни ният қилган юртимиз фуқароларининг Қозоғистоннинг етакчи бизнес вакиллари билан тадбиркорлик алоқаларини ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири