Гарчи мамлакатларни азалдан тарихий, маданий ва диний ришталар боғлаб келган бўлса-да, улардан яқин йилларгача унумли фойдаланилмаган. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Саудия Арабистони билан алоқалар батамом янги даражага олиб чиқилди.
2016 йилдан Ўзбекистонда бошланган очиқ ва конструктив ташқи сиёсат шароитида араб давлатларига нисбатан қарашлар ўзгарди. Ўзбекистоннинг араб давлатларидаги ташқи сиёсати минтақа атрофида барқарорлик ҳамда хавфсизлик белбоғини барпо этиш масалаларини ўз ичига олган.
Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони подшоҳлиги ўртасидаги гуманитар алоқалар асосан маданият, таълим, фан, спорт ва дин каби соҳаларни қамраб олади.
Ҳар йили Саудия Арабистонига Ўзбекистондан кўплаб инсонлар бориб, Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этишмоқда, уларнинг сони йилдан-йилга ортиб боряпти.
Ўзбекистон-Саудия алоқалари Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган асосий вазифалар ҳамда Саудия Арабистонида қабул қилинган “Vision 2030» (Нигоҳ 2030) дастурида белгиланган режаларга мувофиқ амалга оширилмоқда.
“VISION 2030» ДАСТУРИ
“Vision 2030» (Нигоҳ 2030) номи билан маълум бўлган дастурда 2030 йилгача Саудия Арабистонини мисли кўрилмаган даражада ривожлантириш, уни Яқин Шарқнинг мустаҳкам ва мутлақ биринчи молиявий марказига айлантириш, араб-мусулмон дунёсида етакчилик мақомини мустаҳкамлаш ва шу орқали жаҳонда етакчи иқтисодий куч марказларидан бири мақомига эришиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Саудия Арабистонининг иқтисодий келажаги учун пойдевор вазифасини ўтаётган “Vision 2030» янгиланаётган Ўзбекистоннинг ҳам иқтисодий жиҳатдан ривожланишига таъсир кўрсатиши мумкин.
“Vision 2030» дастури доирасида Саудия Арабистони Ўзбекистонга янгича нигоҳ билан қараётгани ҳамкорлик алоқаларига фаоллик тусини бермоқда. Ҳамкорликни ривожлантириш йўлида ўндан ортиқ истиқболли режалар тайёрланаётгани ҳисобга олинса, Ўзбекистон-Саудия муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга чиқди, деб айтиш мумкин. Бинобарин, Саудия Арабистони Ўзбекистон энергетика бозорида фаоллашмоқда.
2021 йилнинг 23 январида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Саудия Арабистони бизнес-форуми ва Ўзбекистон-Саудия Арабистони ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишида ҳам ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш бўйича ўнлаб келишувларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва подшоҳ Файсал номидаги Ислом тадқиқотлари маркази ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
АРАБИСТОНДА «ЎЗБЕК ДИАСПОРАСИ»
Арабистонда «ўзбек диаспораси»нинг вужудга келиши Совет тузумининг ноинсоний сиёсати ва мислсиз қатағонлари билан боғлиқ. Совет жамиятида зиддиятларга тўла, ХХ асрнинг 20-30 йилларида ўзбек миллати вакилларидан минглаб кишилар хорижий мамлакатларга, жумладан, Арабистонга чиқиб кетишга мажбур бўлган. Араб манбаларининг кўрсатишича, 1909 йилда бухорийлар сони Маккада 20 мингдан зиёдни ташкил этиб, жами Макка аҳолисининг 13,3 фоизини ташкил этган. Улар Маккадаги энг катта хорижий диаспора деб тан олинган. 1917 йилдаги октябрь революциясидан кейин бу рақам кескин ошиб борган. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Арабистонга бориб қолган ўзбеклар асосан, аввал Афғонистон ва Хитой Халқ Республикаси ҳудудида яшаган.
Архив ҳужжатларининг маълумотича, ХХ аср 60 йилларида Саудия Арабистони ва Миср Араб Республикасида 37 минг сонли туркистонликлар яшаган.
Манбаларда ўзбек, тожик, туркман, қирғиз, қозоқлар биргаликда бир ном билан «туркистонликлар» деб аталади. Юртдошларимиз ўзларининг исм-шарифларига у ёки бу шаҳарларимиздан бирини қўшиб айтишган. Шунинг учун улар «Бухорий», «Фарғоний», «Андижоний», «Самарқандий», «Марғилоний», «Насафий», «Намангоний» деб ўзларини таништиришлари бежиз эмас. Кўп ҳолларда эса ватандошларимиз Ўрта Осиёдан эканликларини билдириш мақсадида «Туркистоний», «ал-Бухорий» номларини ўз исм-шарифларидан кейин қўшиб қўйишади. Ислом дунёсида Имом ал-Бухорийнинг мавқеи ва обрўлари шу қадар баландки, юртдошларимиз Ўзбекистондаги қайси жойдан келиб чиқмасин, уларни «бухорийлар» деб аташади. Саудия Арабистонида ҳам «бухорийлар» кўпчиликни ташкил этади. Аввало, ҳозирда Саудия Арабистонидаги ўзбеклар сони ҳақида бир оз мулоҳаза билдириб ўтсак. Биз учратган китоб ва мақолаларда улар ҳақида турлича маълумот берилади.
«Муборак ҳаж сафари» китобининг муаллифи Нуруллохон Ҳожи Абдуллоҳ ўғли «Саудияда 400 минг атрофида ўзбеклар яшайди», деб ёзади. Саудия Арабистони фуқароси, муҳожир ўзбек, марҳум Абдулвоҳид Ясса «Жон кетар, ватан кетмас» мақоласида «Бу мамлакатда 350 минг ўзбек, қозоқ, туркман ва тожиклардан иборат туркистонликлар бор», деб қайд қилади.
Баъзи маълумотларда 500 минг, 700 минг ўзбек Саудия Арабистонида яшаши ҳақида хабар берилади. Истеъфодаги генерал Бурҳониддин Марғилонийнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони қуролли кучларида ўзбеклардан чиққан
15 генерал ва 80 га яқин офицер (майор ва полковниклар) хизмат қилар экан.
ИЛМИЙ-МАДАНИЙ АЛОҚАЛАР
2009 йил Ўзбекистонда Саудия Арабистони маданияти кунлари ўтказилган, жавобан 2010 йилда Ўзбекистон томони ҳам худди шундай тадбирларни аъло даражада Саудия Арабистони пойтахти ар-Риёд ҳамда иккинчи пойтахт мақомидаги шаҳар — Жиддада ташкиллаштирган эди. Унда ўзбек миллий ҳунармандчилик ҳамда тасвирий санъат намуналари кўргазмаси, ўзбек санъаткорларининг чиқишлари саудияликларда жуда чуқур таассурот қолдирган.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти билан Саудия Арабистони подшоҳлиги Қирол Абдулазиз номидаги Марказ ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳақидаги меморандум ар-Рияд шаҳрида имзоланган. Бу – мазкур иккала ташкилот ўртасидаги илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим замин яратди.
Саудия Арабистони томони институт қўлёзмалар фонди лабораториясини таъмирлаш ускуналари билан жиҳозлаш ва ходимларнинг малакасини оширишга амалий ёрдам кўрсатдилар.
Бундан ташқари, саудиялик мутахассислар институтга ташриф буюриб, қўлёзмаларни таъмирловчи ходимларга мастер-класс ўқув дарсларини ўтдилар. Айни вақтда институт ходимлари ҳам Саудия Арабистонига бориб, у ерда қўлёзмаларни таъмирлаш борасида ўзларининг малакаларини ошириб, ўзларининг ҳамкасблари билан учрашдилар.
Учрашувлар асносида Ўзбекистон Республикасида бой маданий ва маънавий меросимизни тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган изланишлар ҳамда уларнинг самаралари, хусусан Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, унинг бой қўлёзмалари фонди ва институтда олиб борилаётган илмий изланишлар ҳамда эришилган натижалар, «Марказий Осиё олимларининг ислом илмлари ривожига қўшган ҳиссаси», «Ўзбекистоннинг буюк алломалари ва шаҳарларига бағишлаб ўтказилган халқаро илмий анжуманлар» каби мавзуларда маърузалар қилишди.
Бу эса ўз навбатида ватанимиздан етишиб чиққан Имом -Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий каби буюк алломаларимизнинг нафақат ислом, балки умумжаҳон цивилизацияси қўшган улкан ҳиссаларини кенгроқ ёритишга имкон берди.
Подшоҳ Файсал номидаги ислом тадқиқотлари маркази раҳбарияти Шарқшунослик институти қўлёзмалари асосида аждодларимиз бой меросини ўрганиш ва нашр этишга катта эътибор қаратдилар ҳамда уни ҳамкорликда амалга оширишга тайёрликларини билдирди. Пировард натижада институт ташкилотчилигида Марказий Осиё минтақасида Ҳаж ва Умра масалаларига бағишланган нуфузли халқаро анжуман ўтказилди ва институт ходимларининг мақолаларидан иборат алоҳида тўплам шаклида нашр этилди.
Илмий тадқиқот соҳасида ҳам саудияликлар ўз мамлакатлари тарихи ва маданиятига оид Ўзбекистонда сақланаётган қўлёзмаларни ҳамкорликда тадқиқ қилиш мавзусига катта эътибор қаратади. Айниқса, қўлёзма фондларимизда ислом цивилизациясига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг араб тилидаги қадимий асарларини ўрганиш иккала юрт тадқиқотчилари салоҳиятларини сафарбар қилиш учун унумдор майдондир.
Хусусан, диний-дунёвий илм тараққиётига мислсиз хизмат қилган Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби олимлар билан бир қаторда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абулмуин Насафий каби уламоларнинг илмий меросини ҳамкорликда тадқиқ қилиш икки юрт олим ва тадқиқотчилари учун самарали бўлади. Зеро, аждодлар меросини ўрганиш йўналишида тажриба ва фикрлар алмашинуви, мулоқотлар, илмий баҳслар ўз натижасини беради.
Чунончи ар-Риёд шаҳридаги «Тадқиқотлар ва маърифий алоқалар» маркази томонидан 2019 йил 9-11апрел кунлари 18 та Осиё давлатидан жами 90дан зиёд таниқли арабшунослар иштирокида биринчи «Осиё арабшунослиги» конференциясини ўтказилди.
Конференцияда Осиё арабшунослигининг Европа арабшунослигидан устун жиҳатлари намоён бўлди. Ўзбекистондан иштирок этган 7 нафар мутахассис ўзбек арабшунослигининг турли қирраларини очиб берди: Ўзбекистонда арабшуносликнинг тарихи ва бугунги куни, Ўзбекистон таълим муассасаларида араб тилини ўқитиш ҳолати, юртимиз қўлёзма фондларида сақланаётган араб қўлёзма асарлари, араб адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш муаммолари, юртимиздан етишиб чиққан буюк араб тилшуносларининг арабшуносликка қўшган ҳиссалари каби мавзулар шулар жумласидан.
Ўзбекистон-Саудия Арабистони ўртасидаги илмий тадқиқот соҳасида ўзаро манфаатли муносабатларни янада ривожлантириш бўйича бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиш мумкин.
Масалан, Ўзбекистон олимлари, хусусан, арабшунослари олдига араб тилини мукаммал ўрганиш ва араб тилидаги қўлёзма манбаларини ҳозирги замон талаблари ҳамда ёшларимизни мазкур илмий ютуқлар билан таништиришга жавоб берувчи шаклда тайёрлаш борасида қўйилаётган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда кейинги йилларда Осиё арабшуносларининг навбатдаги халқаро конференцияларидан бирининг Тошкент шаҳрида ўтказилиши Ўзбекистон учун араб мамлакатлари, хусусан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан ўзаро манфаатли алоқалари янада ривожланишига қулай имконият яратади.
«Янги Ўзбекистонда янги ренессанс истиқболлари» мавзусида саудиялик мутахассислар билан халқаро симпозиумлар ташкил этиш, мамлакатлар қўлёзма фондлари ўртасида маълумот алмашинуви, хусусан юртдошларимиз томонидан ХХ асрнинг бошларида Арабистон диёрларига олиб чиқиб кетилган қўлёзма манбаларнинг ҳамкорликдаги тадқиқи йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Ўзбекистон илм-фан ва маданият кунларини Саудия Арабистонида ўтказиш, илмий соҳада олимлар ўртасида мулоқот майдонини яратиш, диний-дунёвий илм тараққиётига мислсиз хизмат қилган Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби олимлар билан бир қаторда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абулмуин Насафий каби уламоларнинг илмий меросини ҳамкорликда тадқиқ қилиш аждодларимизнинг бой маънавий ва илмий меросини янада чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш имконини беради.
Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти,
тарих фанлари доктори, профессор