Сатрлари ўзи каби самимий ижодкор
Ангрен шаҳрида таниқли журналист, моҳир муҳаррир, болалар шоири Неъмат Душаев таваллудининг 60 йиллигига бағишланган адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими, Ангрен шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу адабий тадбир “Дунё бир чамандир!” деб номланиб, унга кенг жамоатчилик вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, ижодкор талаба-ёшлар таклиф этилди.
Тадбирда таъкидланганидек, янгиланиш йўлида дадил илдамлаётган Ўзбекистонда ижод аҳлини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятларни яратишга устувор эътибор қаратилмоқда.
Қўҳна ва салоҳиятли Тошкент вилоятида бир қатор туман ва шаҳарларда ўзига хос адабий муҳит шаклланган. Сидқий Хондайлиқий, Элбек, Ўктам Усмонов, Асад Асил сингари адиблар тимсолида сўлим Бўстонлиқ тумани кўз олдимизга келса, Ориф Одилхон, Маҳмуд Тоир, Хайриддин Султон, Шарифа Салимова, Усмон Бек каби сўз заргарлари мисолида гўзал Паркент тумани ижодий муҳити кўз олдимизда гавдаланади.

Бетакрор табиати билан ном қозонган замин, тоғларга туташ Ангрен шаҳри ҳам кўплаб истеъдодларга, етук ижодкорларга олтин бешикдир. Хусусан, Хайриддин Салох, Абдуғаффор Убайдуллаев, Илаш Раззоқов, Нигора Жалолиддин қизи, Адҳам Турсунқулов, Фаррух Аҳмедов каби шоир ва ёзувчилар, аввало, айнан Ангрен адабий муҳитида ўз сўзини айтган, "тетапоя" қилган. Бугун уларнинг аксариятини халқимиз беҳад қадрлайди, ўз ижодкори деб билади.
Ана шу сафнинг муносиб вакили, Ангрен ижодий муҳитидан етишиб чиққан ажойиб истеъдод соҳиби Тошкент вилоятининг ардоқли фарзанди, таниқли болалар шоири, журналист Неъмат Душаев 60 ёшни қаршилади.

Неъмат Душаев 1963 йил Ангрен шаҳрида таваллуд топган. У ўз дарди ва ўз сўзига эга ижодкор саналади. Ижодкор наинки болалар, балки катталар шоири ҳамдир. Бугунгача “Оҳангарон”, “Ангрен ҳақиқати”, “Довон”, “Улуғ йўл” газеталарида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзАда самарали фаолият кўрсатди. Айни пайтда Н.Душаев “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бош директорининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — матбуот котиби вазифасида хизмат қилиб келаяпти.
У серқирра ижодий фаолияти мобайнида публицистик мақолалар, шеърлар ва ҳикоялар ёзди. Айниқса, болалар учун бағишланган китоблари аллақачон ўз мухлисларини топган ва болажонлар томонидан севиб ўқилмоқда. Яқинда бир туркум шеърлари мактаб дарслигидан ҳам ўрин олгани шоир шеърларига берилган энг юксак баҳодир.

Шоирнинг “Сахий хаёлпараст” (1993), “Ғалати бўталоқ” (1995), “Сеҳрли таёқча” (1997), “Ким зўр?” (2004), “Улар довон йўлини қурган эдилар” (2010), “Инсон ва довон” (2011), “Гурумдаги гурунглар” (2011), “Ари чақди Набини” (2018), “Икки думли фил” (2020), “Умр дарахти” (2020) каби ўнлаб китоблари чоп этилган. Куни кеча навбатдаги тўплами — “Ширин сўзнинг кучи” китоби дунё юзини кўрди.
Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида маънавият масаласи, шахс камолотига энг муҳим ва устувор йўналиш сифатида эътибор қаратилаётир. Айни пайтда юртимиз зиёлиларининг энг илғор вакиллари бўлмиш шоир ва адибларни ўз сафида бирлаштирган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, унинг вилоятдаги бўлимлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида яратилган шароитлар, имкониятлар замирида айни шу эзгу мақсад мужассамдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ижодкор зиёлиларнинг таваллуд саналарини кенг нишонлашга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар ёшларда миллий адабиётимизга бўлган меҳр ва эътиборни тобора кучайтирмоқда. Тошкент вилояти фарзанди, ангренлик шоир Неъмат Душаевнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказилаётган адабий-маърифий тадбир ҳам ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир.
Дарҳақиқат, шоир ва журналист Неъмат Душаев ижодида фикрни баланпарвозликларсиз, содда, равон, лўнда ифодалаш, самимият, оддийлик, инсонийлик устувор ўрин эгаллайди. Шу жиҳатдан унинг ижоди ёш қаламкашлар учун намуна бўлишга арзигуликдир.
Тадбирда Неъмат Душаев ижоди хусусида батафсил сўз юритилди. Бадиий-мусиқий дастур иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.
Н.Усмонова,
ЎзА