“Сарполари ярашган”ми ёки қалашган?
Иккинчи мақола
Яқинда бир танишимиз қиз узатди. Узатдию қулоғигача қарзга ботди. Гап шундаки, қизга қўшиб қўша-қўша мебель, гилам, парда, бир дунё сарпо-суруқ, яна алламбало асбоб-ускуналару ошхона жиҳозларини юбораман деб ўзини анча уринтирди.
Келиннинг кам-кўстсиз “юки” кимларгадир дув-дув гап, яна кимларгадир орзу-ҳавас, тўй олдида турган бировларга эса “намуна” бўлди. Қудаларнинг эса оғзи қулоғида, кўнгиллари қувончда. Бир камсиз қиз узатиш илинжидаги хонадон эса бор-будини сарфлаб, етмаганига қарз кўтарди, кредит олди. Ўртамиёна оила учун бунча қарз ва кредитни қайтаришга қанча вақт ва куч сарфланади, Худо билади. Хуллас, бугун биргина бу танишим эмас, кўпгина инсонлар ана шундай кўринишда қиз узатишяпти ва ҳою-ҳавас ёки қудаларнинг “гапига қолмаслик” важидан қарзга ботиб қолишяпти.
Биринчи мақоламизда дабдабаю асъасага тўла тўйларимиз ҳақида тўхталган эдик. Бу сафар келин сарпо-суруқлари мавзусида бироз мулоҳаза юритамиз.
Миллатимиз орзу-ҳавасли, фарзандларининг яхши кунидан қувонувчи, тўй-байрамларни севувчи халқ. Фарзанди дунёга келганидан бошлаб тўйлар қилай, ўғлим гўшангаларга куёв, қизим келин бўлсин, деб ният қилади. Аммо эзгу орзу-ҳавасларимиз исрофгарчиликка, манманликка, очкўзликка, кимўзарлик пойгасига айланмаслиги керак.
Бир пайтлар момоларимиз икки сидра кийим-бош билан, ўзлари тиккан каштали дастрўмолию сўзанаси билан куёвга узатилган. Аммо бугун ипидан игнасигача қўша-қўша сарполар, кийим-кечак, нимадир техникалар, идиш-товоқлар, мебеллар билан қиз узатиш, куёвнинг бўшатиб берилган хоналарини тўлдириш урфга айланди. Ёзлигу қишлик қилиб, қўша-қўша қилинган кийим-кечаклар кийилиб адо бўлмайди, ҳатто айримлари умуман кийилмасдан сандиқларда қолиб кетади. Аммо ортиқча кийим-кечакнинг ҳам уволи борлигини ёдда сақлашимиз керак.
Яна сарпо-суруқларнинг, мебелу гиламларнинг ҳаммаси “тозаси”дан, бренддагисидан бўлиши лозим. Бу ҳам алоҳида эътибор қаратиладиган жиҳатлардан бири бўлиб қолмоқда. Агар оддийроқ, ўзимизда ишлаб чиқарилган мебель ёки арзонроқ нарса-буюм бўлса, келин нақд балога қолади. Ёхуд юзинг-кўзинг демасдан куёв томонидан қайтариб юбориш ҳолатлари ҳам учраяпти.
Келин сарполари бир пайтлардагидек оддий сандиқ ёки буғчаларда эмас, балки бир-биридан бежирим махсус сарпо қутиларида юборилмоқда. Талаб ва хоҳишлар ошгани сабаб сарпо қутилари ҳам бизнес даражасига кўтариляпти. Сарпо қутилари билан шуғулланадиган бир тадбиркорга қўнғироқ қилиб, нарх-навоси билан қизиқдим. Унинг айтишича, бир тўпламида асосан 12 та сарпо қутиси бўлар экан. Уни бир марталик прокат учун 100 долларга беришар экан. Буюртма асосида ясатиб, сотиб олиш эса 500-800 долларгача, талабга қараб ундан ҳам қимматроқ бўлиши мумкин экан.
Бир қарашда сарполарнинг чиройли қутиларда карвондек тизилиб олиб келиниши кўзга ёқимли кўринар, кўнгилга хуш ёқар. Аммо аслида ортиқча дахмаза, кераксиз сарф-харажатларнинг янги қурилаётган оила учун умуман фойдаси ҳам, аҳамияти ҳам йўқ. Бу матоҳлар ўзимизга ўзимиз яратаётган ташвиш, дабдаба ва ҳою-ҳавасдан бошқа нарса эмас.
Бугун қиз томоннинг мол-дунёсига, қилиши мумкин бўлган сарпосига қараб келин танлайдиганлар ҳам учрайди, афсуски. Бўлажак келиннинг уддакорлиги, пазандалиги, фаҳм-фаросатлилиги, уй-рўзғор юмушларига уқуви қандай экани кабилар баъзан иккинчи ўринга тушиб қолади.
Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр, деганларидек келинининг бир дунё сепию нарса-буюмидан, тилла тақинчоқларидан мақтанадиган, ғурурланиб юрадиган тоифа қайноналар тўйдан кейин унинг уқувсизлигидан ёзғириб бошлайди. Ёхуд оила учун арзон тушган келиннинг қадр-қиммати ҳам арзонга баҳоланиб, арзимаган вазиятлар туфайли ажрашиб кетаётган оилалар ҳам тез-тез учраб қолмоқда. Шунинг учун қиз болага сеп йиғиш эмас, балки уни вақтида ўқитиш, касб-ҳунарли қилиш, дунёни танийдиган, ўз ўрнини топа оладиган қилиб тарбиялаш ҳақида қайғуриш лозим.
Оила — муқаддас даргоҳ. Унинг қадр-қиммати қиммматбаҳо сарпо-суруқ, тилла, нарса-буюм билан ўлчанмайди. Оилани барпо этишда миллий, маънавий қадриятлар, ўзига хосликни, камхарж-камсуқумликни, меъёрни унутиб қўймаслигимиз керак. Фарзандларимизни ёшлигидан нарсапараст, буюмпараст қилиб эмас, балки дунёвий ва диний билимлар, касб-ҳунарлар эгаси қилиб, эзгу амалларга ошно этиб тарбиялашимиз мақсадга мувофиқдир.
Сарпо-суруқларга ружу қўяётган, бир-биридан кўз олиб, исрофгарчиликка йўл очаётган айрим “орзуманд” аёлларимиз эса ҳаётнинг ўлчови ҳамда мазмуни аллақандай матоҳ ва буюмлар эмас, балки ўзаро меҳр-оқибат, ўғил-қизларни турмушга муносиб, оилапарвар ва садоқатли қилиб тарбиялаш эканини англасалар, мустаҳкам оилаларимиз сафи кўпайиб, ажримлар камайган бўлар эди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА