Ўзбекистон Республикаси Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг 7 ойи давомида бажарилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари вакиллари, ижтимоий тармоқ фаоллари ҳамда вилоят кадастр тизими мутасаддилари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда кадастр тизимини ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Анжуманда Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида ер қонунчилигига амал қилиниши борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
– Ўтган давр мобайнида жами 815 ҳолатда 74,3 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. – Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан олиб борилган ишлар натижасида 601 та ёки 73,4 фоиз ноқонуний ҳолат бартараф этилиб, ер майдонларидан фойдаланиш бўйича қонунийлик таъминланди.
Ер билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатлари қишлоқ хўжалиги, аҳоли пунктлари, саноат, транспорт, алоқа, муҳофаза ҳудудига боғлиқ ерларга, қолган қисми эса сув фонди, тарихий-маданий аҳамиятга молик объектлар ва бошқа турдаги ерларга тааллуқли эканлиги қайд этилди.
Ердан фойдаланишдаги қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Жумладан, қайд этилган қонун бузилишларнинг 115 та ҳолати бўйича кўриб чиқиш учун суд органларига даъво аризалари киритилган. Аниқланган 90 та ер қонун бузилиш ҳолатида жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган материаллар ҳудудий прокуратура органларига тақдим этилган. Бундан ташқари, 2023 йилнинг ўтган даврида 2 минг 302 та ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Анжуманда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари Давлат рўйхатидан ўтказиш борасида амалга оширилган ишлар бўйича ҳам кенг маълумотлар берилди. Жорий йилнинг 7 ойи давомида 38 минг 49 та кўчмас мулк объектлари бўйича вужудга келган мулкий ҳуқуқлари Давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шунингдек, кўчма савдо фаолиятини амалга ошириш учун 3 минг 412 бўш ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди ҳамда ушбу ер майдонларидан 1 минг 613 таси онлайн-аукцион савдолар орқали сотилган.
[gallery-13231]
Ўтган етти ой давомида бошқарма, унинг туман, шаҳар филиалларига 1 минг 969 жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг 450 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 1 минг 508 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Қолган мурожаатлар бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда.
Тизимда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан коррупцияга мойиллиги бўлган 9 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди ҳамда ички тартиб қоидаларга риоя қилмаган ва белгиланган топшириқларни ўз вақтида бажармаган 25 нафар ходимга интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Шунингдек, матбуот анжуманида соҳага оид янгиликлар, ер майдонларидан қонуний ва самарали фойдаланиш юзасидан олиб борилаётган тарғибот ишлари бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳам маълумотлар берилди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА