Бугунги кунда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва қобилиятини янада ошириш, юрт сарҳадларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни сақлаш бўйича куч тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган биргаликдаги ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Мамлакатимизнинг шимоли-ғарбий ҳудудлари бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик, қўмита ва идоралар билан ҳамкорликдаги “Бошқарув органлари ва бўлинмаларнинг жанговар шайлигини текшириш, Давлат чегарасида шартли душманнинг қуролли босқинини даф этиш” мавзусидаги қўмондонлик-штаб ўқуви ҳам айни шу мақсадда ташкил этилди.
Ўқув режасига кўра, Давлат чегарасида шартли душманни йўқ қилишга қаратилган реал вазиятга тенглаштирилган ҳаракатлар олиб борилиб, унга жалб этилган барча ҳамкорликдаги бўлинмалар жанговар шай ҳолатга келтирилди.
Белгиланган вазифаларни биргаликда бажариш мақсадида, куч тузилмаларининг ҳамкорликдаги бошқарув штаби тузилиб, улар томонидан Давлат чегарасида юзага келган вазият ўрганилди ва душманнинг мақсади ҳамда ҳаракатлари ғояси аниқлангач, уни зарарсизлантириш ва йўқ қилишга қаратилган ҳамкорликдаги жанговар ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.
Шундан сўнг, Давлат чегарасида юзага келган таҳдидни бартараф этиш бўйича қабул қилинган қарорга кўра, куч тузилмаларининг тегишли бўлинмалари томонидан сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатлар олиб борилиб, мазкур жараёнда шартли душманнинг қуролли ҳужумини бартараф этиш мақсадида, бўлинмалар томонидан тактик ҳаракатлар билан жанговар ўқ отиш машғулотлари амалга оширилди ва шартли душман шахсий таркиб ҳамда зирҳли техникалар ёрдамида йўқ қилинди.
Ўқув якунида эришилган натижалар, йўл қўйилган камчиликлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар сарҳисоб қилиниб, келгусида ўқув режаларини янада мукаммал ишлаб чиқилишида мутахассислар томонидан билдирилган мазкур таклиф ва тавсиялар инобатга олиниши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.
Албатта, ўтказилаётган бу каби машғулотлар барча куч тузилмаларини бир мақсад сари бирлаштириб, давлатимиз хавфсизлиги, юртимиз тинчлиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш борасида ўрнатилган ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Майор Фарида Бобожонова
ДХХ Чегара қўшинлари