Сарф-харажат 3 баробарга қисқаради
Хабар берилганидек, “Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида водий аҳлига байрамона туҳфа ҳозирлади.
Хабар берилганидек, “Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида водий аҳлига байрамона туҳфа ҳозирлади. Гап шундаки, қисқа фурсатда умумий узунлиги 45 километр бўлган Поп – Наманган участкаси тўлиқ электрлаштирилди.
Бугун мазкур линия фойдаланишга топширилади. Шу муносабат билан кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, темирйўлчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари пойтахтимизнинг Жанубий вокзалидан Наманган темир йўл вокзали томон йўл олмоқда.
...Халқимизнинг ғурури каби баланд, иродаси сингари мустаҳкам, ўй-мақсадлари янглиғ салобатли азим тоғларни, неча-неча янгиланиш ва ўзгаришларга гувоҳ йўлни ўз бағрига олган Қамчиқ довонидамиз. Довон орқали денгиз сатҳидан 2200 метр баландликдан ўтувчи Ангрен – Поп темир йўл тармоғи бизни тобора гуллар шаҳри Наманганга яқинлаштирмоқда.
“Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ тақдим этган маълумотларга кўра, биз йўл олган Поп – Наманган темир йўл линиясини электрлаштириш ишлари қисқа муддатда, сифатли амалга оширилди. Хусусан, ушбу масофада жами 690 та таянч устуни ва яна шунча консоллар ўрнатилди. 45 километрлик МФ-100 русумидаги контакт симлари тортилди. Электрлаштириш жараёни Поп, Чуст, Тўрақўрғон, Раустон, Наманган станциялари оралиғида олиб борилди. Қурилиш-монтаж ишлари “1-сон энергомонтаж поезди“ унитар корхонаси, Махсус механизациялаштирилган йўл станцияси ишчи-ходимлари томонидан олиб борилди.
Эндиликда мазкур участкада тепловозларни замонавий электровозларга алмаштириш, юк ва йўловчи ташиш харажатларини камайтириш, ҳаракат тезлигини сезиларли даражада ошириш имкони яратилади.
Таҳлилларга кўра, Попдан Намангангача тепловозлар ёқилғи сарфи билан солиштирганда электрлаштириш ишларидан сўнг 3 баробарга қисқаради. Кўриниб турибдики, бу жараён сарф-харажатларни камайтириш билан бирга атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Сайтимизни кузатиб боринг, сафар жараёнлари ва таассуротларини эътиборингизга ҳавола этиб борамиз.