Сардобалик ўқувчилар халқаро олимпиадага боради
Жиззах шаҳрида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида математика, инглиз тили, рус тили ва ментал арифметика бўйича республика олимпиадаси ўтказилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур олимпиадада республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ўқувчилар қаторида сирдарёлик умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳам фаол иштирок этди.

Сардоба туманидаги 16-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олаётган 2-синф ўқувчиси Ҳуснора Турғунбоева, 1-синф ўқувчиси Камол Раҳматуллаев ва 3-синф ўқувчиси Меҳринисо Аширалиева инглиз тили ва ментал арифметика бўйича республика босқичида фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Ушбу муваффақият уларга 2025 йилда Туркия ва Дубайда ўтказиладиган халқаро олимпиадага йўлланмани қўлга киритиш имконини берди.

– Ўқувчиларимизнинг ушбу ютуқлари мактабимиз ўқувчиларини руҳлантирди,–дейди 16-сонли умумтаълим мактаби директорининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жалолиддин Зулфиқоров. –Бунда ўқитувчилар, ота-оналарнинг ҳиссалари катта. Чунки, биз истиқомат қилаётган Қўрғонтепа маҳалласи Сардоба туманининг чекка, вилоятнинг эса олис ҳудуди ҳисобланса-да, таълим-тарбияда яхши натижаларни қайд этиб келяпмиз. Ўқувчиларимизнинг бу галги ютуқлари “Қўрғонтепа”ликлар учун Наврўз туҳфаси бўлди, деб ўйлайман.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири