30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Ёшлар ойлиги” доирасида Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида ҳам қатор спорт ва маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Шу муносабат билан 16 июнь куни “Равот” ва "Бўстон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида, ёшлар ва аҳоли иштирокида “Спорт фестивали” бўлиб ўтди.
Фестивалда турли ёшдаги фуқаролар, маҳаллалар ёшлари, спортчилар, нуроний ҳамда фахрийлар фаол иштирок этишди. Беллашувлар футбол, стол тенниси, шахмат, шашка, тош кўтариш, чим устида хоккей ва миллий кураш каби спорт турларини қамраб олди. Қизиқарли ва кучли рақобатларга бой бўлган мусобақалар барча иштирокчилар ва томошабинларга катта кайфият, кўтаринки руҳ улашди.

Тадбир давомида жамоалар ўртасида дўстона муҳит, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик руҳи яққол кўзга ташланди. Шунингдек, маҳалла фаоллари, ёшлар етакчилари ҳамда нуронийлар иштирокида спортнинг инсон саломатлиги ва жамиятдаги ижтимоий барқарорликда тутган ўрни ҳақида маърузалар ҳам ташкил этилди.

– Бугунги тадбир ёшларимизни соғлом турмуш тарзига ундабгина қолмай, маҳаллалардаги ўзаро дўстлик ва аҳиллик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди, – дейди "Ровот" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғуломжон Ўсаров.


Таъкидлаш жоизки, “Ёшлар ойлиги” доирасида Сардоба туманидаги барча маҳаллаларда спорт, маданий-маърифий учрашувлар, китобхонлик тадбирлари, театр ва мусиқа кечалари, экологик акциялар ҳамда ижтимоий лойиҳаларни ўтказиш режалаштирилган. Бу эса ёшлар салоҳиятини янада рўёбга чиқариш, уларнинг ташаббус ва имкониятларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири